Ўзбекистон | 13:10 / 25.08.2019
149071
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўзгарди

Нуриддин домла Холиқназаров /Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳрига янги бош имом хатиб тайинланди. Андижон вилоят бош имом хатиби сифатида ишлаб келган Нуриддин домла Холиқназаров ушбу вазифада иш бошлаган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилмоқда. 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Ҳазрат Усмонхон Алимов раислигида бўлиб ўтган йиғинда Тошкент шаҳар бош имом хатиби вазифасини бажариб келган Раҳимберди домла Раҳмонов илмий ишлар ва изланишлар муносабати билан вазифасидан озод этилгани айтилган. 

Нуриддин Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган. 1992 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаган.

Иш фаолияти давомида Нуриддин Холиқназаров Асака шаҳридаги «Аҳмадали Махдум» жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани «Оқ тепа» жоме масжиди имом-хатиби ва шу кунга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 4 январь куни Раҳимберди домла Раҳмонов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакили, шаҳар бош имоми ва Юнусобод тумани «Минор» жоме масжиди имом-хатиби вазифаларига тайинланган эди.

Раҳимберди домла Раҳмонов

Раҳимберди Раҳмонов «Минор» жоме масжиди имом-хатиби вазифасида фаолиятини давом эттиради.

Мавзуга оид