Жамият | 09:45 / 26.08.2019
144640
10 дақиқада ўқилади

«Strаus House»дан аҳоли нега норози?

Фото: Strаus House

2019 йилнинг дастлабки кунларидан ижтимоий тармоқлар, радио ва телевидение орқали ҳамда катта-катта супермаркетлар-у аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари, қўйингки аҳоли гавжум бўладиган жойлардаги экранларда «Strаus House» номи билан машҳур бўлган масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона томонидан туяқуш жўжаларини етиштириш билан боғлиқ оламшумул рекламалар авж олганди. Жанубий Африка Республикасидан келтирилган туяқуш жўжаларининг бир донасини дастлаб ўртача 1,8 млн сўмдан, кейинчалик 2 млн сўмдан, махсус озуқа-ем маҳсулотларини 2,2 млн сўмдан сотиб олиш таклиф қилинди.

Жамият таъсисчиси Иброҳим Исроилов (жамиятга дастлаб ўзи директорлик қилган ва бироз вақт ўтиб бу лавозимга бошқа шахс тайинланган) ўз чиқишларида айнан «Strаus House» МЧЖдан сотиб олиниб, боқиб етиштирилган ва

1 ёшга тўлган туяқушнинг бир донасини аҳолидан ўртача 9-10 млн сўмдан қайта сотиб олишни ваъда қилган. 

Куни кеча таҳририятга туяқуш жўжаларини сотиб олиш бўйича айнан «Strаus House» МЧЖ билан шартнома тузиб, тўловни амалга оширган, бироқ белгиланган муддат ўтган бўлишига қарамай жўжаларни ололмаган фуқаролар  мурожаат қилишди. Kun.uz Фарғонадан келган ушбу мурожаатчилар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ тутди.

Маълум бўлишича, «Strаus House»нинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари ва рекламаларининг кучи билан республика бўйлаб бир неча мингни ташкил қилувчи фуқаролар компания билан туяқуш жўжаларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзолаган, бироқ шартномада келишилган муддат ўтган бўлишига қарамасдан жўжалар ҳануз етказиб берилмаган.

«Уйда бекор ўтиргандан кўра рўзғорга ёрдамим тегсин деган ният билан 2019 йил 5 апрель куни 10 дона туяқуш жўжасини сотиб олиш бўйича шартнома тузиб, бор-будимни бир жойга тўплаб, 22 млн сўм тўлов қилган эдим, мана орадан қарийб олти ой вақт ўтаётган бўлишига қарамай на жўжалардан ва на пулдан дарак бор», дейди куйиниб Фарғона тумани Чимён қишлоғида яшовчи 70 ёшни қаршилаган биринчи гуруҳ ногирони Ахмадали Абдулазизов.

Унинг таъкидлашича, бу вақт орасида МЧЖнинг вилоят бўйича дилери ва бош офисига бир неча марта мурожаат қилган, бироқ тайинли жавоб олмаган.

Фуқаро Жўраев Баходир Юсуфжон ўғли эса жорий йил бошларида телевизор орқали «Strаus House» МЧЖ томонидан таклиф этилаётган бизнесга қизиқиб қолганини, жамият сайтига кириб, Фарғона вилояти бўйича дилерни топгани, Улуғбек исмли ушбу шахс билан офисида учрашиб, 1 март куни 8 дона жўжа учун 7,2 млн сўмга шартнома тузгани, шартнома шартларига кўра жўжалар 90 кунда, яъни 1 июнга қадар етказиб берилишига келишилгани, бироқ бу муддатда жўжаларни олмагани, ҳар сафар компанияга мурожаат қилганида «ўн кунда берилади», деб шу вақтга қадар алдаб келишгани, жўжани етказиб беролмаган компания эртага тайёр туяқушларни қайта сотиб олишига ишончи йўқлигини айтади.

«Телевизор орқали «Strаus House» компанияси раҳбари Иброҳим Исроиловнинг чиқишини томоша қилдим. У таклиф қилаётган туяқуш бизнесига қизиқиб қолдим. Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туман ҳокимлиги биносида «Strаus House» компанияси томонидан ташкил қилинган тақдимот маросимида иштирок этдик. Ҳам телевидение, ҳам ҳокимият биносида тарғиб қилинаётган бизнеснинг келажаги порлоқ эканига, тақдимотда айтилганидек бир дона туяқушдан бир йил ичида 6 млн сўм даромад қилиш мумкинлигига ишондик. Уй сотиб олишни ният қилиб йиғиб юрган пулимиз бор эди, уни банкда сақлаётган эдик. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, бир йил давомида туяқуш боқсак ва уни «Strаus House» компанияси ваъда қилган пулга сотсак пулимиз ҳам бироз кўпайиб, уч хонали ўрнига тўрт хонали уй оламиз деган режа қилдик. Шу мақсадда 50 дона жўжага жами 90 млн сўмлик шартнома туздик, 24 апрель куни шартнома қийматининг ярми, яъни 45 млн сўмини тўладик. Келишилган вақт ўтиб бўлди, лекин жўжалар берилмади, шундан буён уйимиздан жанжал аримайди. Бу ёғи қиш яқинлашмоқда, совуқ кунларда эса, айниқса бизнинг қишлоқ шароитида (газ ва свет йўқлиги назарда тутилмоқда) жўжани боқиш мушкул», дейди Маҳбуба Ғуломова.

Гулчеҳра Алоуддинова ҳам туяқуш боқаман деб қарор қилганидан пушаймон.

«15 июнга ваъда қилинган жўжалардан ҳамон дарак йўқ, дилернинг топиб олган гапи – «Сиздан ортиқ нарса билмайман». Бир неча марта бош офисга мурожаат қилдим, фойдаси бўлмади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефони – 1000 рақамига қўнғироқ қилган эдим, Юнусобод туман судига мурожаат қилинг деган мазмунда ёзма жавоб хати келди. Ўзи пулимга куйиб ўтирган бўлсам, пойтахтдаги судга мурожаат қилиш ҳам харажат эмасми, бундай пулни қаердан оламан?», дейди у афсус ва надоматлар билан.    

Юлдузхон ая Исоқовани қийнаётган муаммо бироз бошқачароқ. У 2018 йил

19 декабрь куни 12та туяқуш жўжаси учун шартнома тузиб, 9 млн сўм тўлов қилган. Унинг жўжалари тўлиқ етказиб берилган. Бироқ ваъда қилинганидек бир ой ёки 40 кун карантин шароитда парвариш қилинган жўжалар эмас, балки 10-15 кунлик касалманд жўжалар тақдим қилинган. Парваришнинг дастлабки кунларидаёқ 8та жўжа нобуд бўлган. Бу ҳақида «Strаus House» вакилларига мурожаат қилганида улар нобуд бўлган жўжалар ўрнига бошқасини беришни ваъда қилишган. Бироқ бу ваъда ваъдалигича қолиб кетган.

Сотиб олган 6та жўжасидан 5таси бир ойга ҳам бормай нобуд бўлгани, компания вакиллари ўрнига бошқа беришини айтгани, бироқ амалда кейин ҳеч нарса берилмаганини айтади биз билан суҳбатда яна бир фуқаро.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 19 август санасида республиканинг турли ҳудудларидан бўлган ўттизга яқин фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида бўлиб, «Strаus House» МЧЖдан пулларини қайтариб олишда ва раҳбарларига нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам сўрашган. Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасида ёзма шикоят олиб қолиниб, тегишли чоралар кўрилиши айтилган.

Журналистик текширув давомида KUN.UZ таҳририяти «Strаus House» МЧЖнинг Фарғона вилояти бўйича дилери бўлиб ишлаган Собиров Улуғбек Ғофуржон ўғли билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

У 2019 йилнинг 22 январидан 2 июлига қадар «Strаus House» МЧЖнинг Фарғона бўйича расмий дилери бўлиб ишлаган. Унинг фаолияти давомида жами 33 нафар фарғоналик фуқаролар билан шартномалар имзоланган. Шулардан аксарият фуқаролар тўлиқ, аксарияти эса қисман тўловларни амалга оширган. Бироқ ушбу 33та шартнома бўйича бугунги кунга қадар харидорларга бир дона ҳам туяқуш етказиб берилмаган.

«Мендан аввалги дилер томонидан имзоланган шартномалар бўйича етказиб берилган жўжаларнинг ўз вақтида ветеринар кўриги таъминланмагани сабабли қарийб 70 фоизи нобуд бўлган. Компания ходимлари мижозларга телефон қилиб, тўловнинг қолган 50 фоизини амалга оширса жўжалар етказиб берилишини айтмоқда, харидорлар эса тўлов қилишни исташмаяпти, сабаби куз фасли яқинлашмоқда, ҳаво ҳарорати пасайишни бошлагани туяқуш жўжаларини боқишда қийинчиликлар туғдиради. Эндиликда одамларнинг жўжаларни беришда қилинган хатолар сабаб улар қайта сотиб олинишига ишончлари сўнган. Харидорларнинг тўланган пулларни қайтаришни сўраб компанияга ёзган аризалари жавобсиз қолмоқда. Пулни қайтариш ҳақидаги талабга компания вакиллари шартнома жўжа учун тузилганини, пул қайтарилмаслигини ва фақат жўжа берилишини айтишмоқда. Компанияга ишонган халқ бугунги кунга келиб яққол алданиб қолмоқда. Фарғоналиклар каби «Strаus House» МЧЖга алданаётган аҳоли республиканинг барча ҳудудларида топилади. Энг ачинарлиси, уларнинг сони бир неча мингни ва кўрилаётган зарар эса бир неча миллиард сўмни ташкил қилиши мумкин. Бирорта жўжа етказиб берилмаётган бир пайтда, компания ўз рекламаларига зўр бериб, халқни алдаб пулини олишда давом этмоқда», дейди У.Собиров биз билан суҳбатда.  

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш ва фуқароларнинг мурожаатларида айтилган важларга ойдинлик киритиш мақсадида «»Strаus House» МЧЖнинг +998-94-419-91-11, +998-94-421-91-11, +998-94-429-09-00 ва +998-94-426-26-62 рақамларига (ушбу рақамлар реклама эълонларида компаниянинг телефон рақамлари сифатида кўрсатилган) қўнғироқ қилиб, боғланишга ҳаракат қилди. Қўнғироқ қилинган тарафдан янграган турли жавоблар сабаб бу уринишларимиз зое кетди.

Биз билан суҳбатда бўлган, таҳририятга қўнғироқ қилиб ўз муаммоларини ҳал қилишда ёрдам сўраган фуқаролар «Strаus House» МЧЖнинг фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиддий ўрганилиши керак, деб ҳисоблайди.

Kun.uz ушбу масала юзасидан ўз суриштирувларини давом эттиради. «Strаus House» МЧЖда таҳририятга мурожаат қилган фуқароларнинг кўнглидаги хавотир ва шубҳа-гумонларни йўққа чиқарувчи етарли асослар мавжудлигига умид билдириб қоламиз. 

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид