Ўзбекистон | 21:58 / 27.08.2019
33214
2 дақиқада ўқилади

Президент мустақиллик байрами муносабати билан 65 кишини афв қилди

Афв этилганларнинг 39 нафари тақиқланган ташкилотлардаги фаолияти учун жавобгарликка тортилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг улуғ ва энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига асосан, содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 17 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди, 13 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 20 нафарига эса тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилди. Бир сўз билан айтганда, 50 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш жойларидан ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилди.

Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддати қисқартирилди ва 1 нафар шахс озодликни чеклаш жазосидан озод қилинди.

Афв этилганларнинг 4 нафарини аёллар, 1 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 1 нафарини чет эл фуқароси, шунингдек, 39 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган фуқаролар ташкил этади.

Мавзуга оид