Жаҳон | 23:33 / 27.08.2019
17865
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Абу Наср Форобийнинг 1150 йиллик юбилейи кенг нишонланиши режалаштирилмоқда 

Қозоғистон президенти Шарқ файласуфи, қомусий олим, математик Абу Наср Форобий таваллудининг 1150 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича давлат комиссияси ташкил этилиши ҳақидаги фармонни имзолади. 

Таъкидланишича, комиссия 2020 йилда Форобийнинг юбилей таваллудини юқори даражада ва сермазмун ўтказиш учун ташкил этилмоқда.

Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Форобий 870 йилда таваллуд топган. Ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқ. Форобий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билган ва бу илмлар ривожига катта ҳисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитгани туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” (Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” деб юритилган. 

Форобий Арис ва Сирдарё дарёлари қўшиладиган Фороб яқинида (ҳозирда Қозоғистон ҳудуди) дунёга келган. 

Форобий бошланғич маълумотни она юртида олди. Сўнг Тошкент (Шош), Бухоро, Самарқандда ўқиди. Кейинроқ ўз маълумотини ошириш учун араб халифалигининг маданий маркази бўлган Бағдодга келади. Бағдодда бу даврда мусулмон дунёсининг турли ўлкаларидан, хусусан, Марказий Осиёдан келган кўп илм аҳллари тўпланишган эди. У ерга бора туриб Форобий Эрон шаҳарлари Исфаҳон, Ҳамадон, Рай ва бошқа жойларда бўлади.

Айрим маълумотларга қараганда, у 70 дан ортиқ тилни билган.

Форобий 949–950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, ўша ерда вафот этган ва “Боб ас-сағир” қабристонига дафн қилинган.

Мавзуга оид