Human Rights Watch Ўзбекистон расмийларини «Жаслиқ»даги қийноқларни текширувдан ўтказишга чақирди
27 август куни Human Rights Watch (HRW, «Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси») нодавлат нотижорат ташкилоти ўз расмий веб-сайтида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги «Жаслиқ» ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси ёпилиши юзасидан мақола эълон қилди.
HRW’га кўра, 1999 йилда очилганидан бери колония Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ даҳшатли вазиятнинг рамзига айланиб, минглаб диний ва сиёсий маҳбуслар учун «қийноқ уйи» бўлиб келган, «баъзи маҳбуслар тирик чиқмаган».
Мақолада ўнлаб йиллар давомида Ўзбекистонни Жаслиқни ёпишга чақирган чет эл ҳукуматлари, БМТ органлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб маҳаллий ҳамда халқаро гуруҳлар, жумладан Human Rights Watch ҳақида сўз боради. Улар орасида:
2002 йилда БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Боуэн биринчи марта Жаслиқни ёпишга чақирган бўлиб, бу «аниқ қийноқ белгилари бўлган шубҳали ўлим ҳолатлари», жумладан қурбонлардан бирининг танаси қайноқ сувга туширилганини тасдиқловчи далиллар аниқлангач рўй берган.
2009 йилда HRW Европа иттифоқини Ўзбекистон билан музокараларда инсон ҳуқуқлари, шу жумладан Жаслиқда қийноққа солиш масаласи бўйича мавзуни кўтаришга чақирди.
HRW 2014 йилда Ўзбекистондаги сиёсий маҳкумлар тўғрисидаги ҳисоботда Жаслиқ қандай қилиб «Ўзбекистоннинг даҳшатли қамоқхона режими устуни» бўлганлигини ҳужжатлаштирган.
2017 йилда, Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан бир йил ўтиб, HRW уни БМТ тавсияларини бажаришга ва «Жаслиқ»ни ёпишга чақирган.
Ташкилотнинг таъкидлашича, «Жаслиқ»нинг ёпилиши Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари бўйича узоқ ва қоронғи тарих саҳифасини ёпишга имкон беради. Ўзбекистон ҳукумати ушбу қадам пенитенциар ва суд тизимида узоқ вақтдан бери кутилган ислоҳотларнинг бир қисми бўлишини таъминлаши керак.
«Тошкент ушбу қонунбузарлик ҳолатлари бўйича мустақил текширувни ҳам бошлаши керак. Қонунбузарлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши лозим. Қурбонлар ва уларнинг оилалари компенсация олиши шарт», - дейилади HRW баёнотида.
Мавзуга оид
20:43 / 07.09.2021
Жаслиқ азоблари. “Борса келмас”дан омон қайтганлар ҳикояси
11:35 / 17.04.2021
Жаслиқда умрбод озодликдан маҳрум қилинган юзга яқин маҳкум сақланаётгани айтилмоқда
14:39 / 28.07.2020
Жаслиқда ЙТҲ оқибатида 2та юк машинаси ёниб кетди, бир ҳайдовчи вафот этди
11:58 / 18.12.2019