Ўзбекистон | 15:53 / 04.09.2019
4933
2 дақиқада ўқилади

Фуқаролар ва ОАВга қатор соҳаларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқи берилди

Бир қатор қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Тузатишларга мувофиқ Ўзбекистон фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва ОАВларга қуйидаги соҳаларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқи берилди:

• давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш;
• озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш;
• ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш;
• ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш;
• радиациявий хавфсизликни таъминлаш;
• психиатрия муассасалари, шунингдек психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахслар фаолияти устидан.
 
Тузатишларнинг бир қисми бюджет жараёнининг очиқ-ошкоралигига тааллуқлидир. Хусусан, маҳаллий бюджетларнинг параметрларини ҳамда улар ижроси ҳақидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш жараёнлари оммавий ахборот воситаларида ёритилади. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари Қонунчилик палатасига юборилишидан олдин уларнинг жамоатчилик муҳокамасини таъминлаш вазифаси Молия вазирлигига юкланган. Прогноз йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжаллари юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари мажбурий равишда эълон қилинади.
 
Вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа бюджет маблағларини тақсимловчилар бюджетдан ажратиладиган маблағлардан, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланилиши, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва олинган товарларнинг етказиб берилиши тўғрисидаги тегишли ахборотни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириши лозим.     
 
Қонун 1.09.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид