Ўзбекистон | 11:15 / 07.09.2019
1483
2 дақиқада ўқилади

Франция компанияси Ўзбекистон туризм бозорини таҳлил қилишга ёрдам беради

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Францияга ташрифи доирасида Horwath HTL (Hotel, Tourism and Leisure) компанияси бошқарувчи ҳамкори Филипп Дойзелет ва маслаҳатчиси Анастасия Боева билан учрашди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув Ўзбекистон туризм бозори таҳлилини амалга ошириш ҳамда меҳмонхоналар қуриш мавзусига бағишланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга саёҳат қилаётган туристлар сони жадал ўсиб бораётгани сабаб мамлакат туризм бозорида мавжуд инфратузилмалар таҳлилини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Шу боис Абдулазиз Аққулов Horwath HTL вакиллари билан Ўзбекистоннинг қайси вилоят ва шаҳарларида бу борада камчиликлар мавжудлиги, қайсиларида қурилишлар мувозанатли равишда амалга оширилмаётгани, қайси ҳудудларда кўпроқ жойлашув воситалари қуриш кераклиги, уларнинг қайси тоифага мансуб бўлиши каби муҳим масалаларни муҳокама қилди.  

Horwath HTL мамлакат туризм бозорининг кутилаётган қамровидан келиб чиққан ҳолда, аниқ стратегия тузиб беради. Инвесторларни Ўзбекистонга жалб этишда айнан шу хулосаларнинг аҳамияти катта бўлади. Сармоядорлар шундай баҳо берувчи компаниялар таҳлилидан келиб чиқиб, бирор жойга пул тикиш ё тикмасликка доир қарорга келишади.  

Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган тақдирда, уларнинг таҳлили асосида Ўзбекистонда турли тоифа меҳмонхоналарни жалб қилишга ҳам ёрдам берилади.

Horwath HTL – дунёнинг меҳмонхона бизнеси бўйича энг йирик консалтинг агентликларидан бири. Компанияга 1915 йилда АҚШда асос солинган. Бугунга келиб Horwath HTL бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ офисга эга. Агентлик меҳмонхона консалтингининг тўлиқ пакетини таклиф қилади. Компания хизматлар соҳаси меҳмонхона девелопментида консультация бериш, меҳмонхона бизнеси ривожини ҳудудлар кесимида баҳолаш, меҳмонхоналар қуриш учун пудратчи танлаш, реклама кампанияларини ўтказишда харажатларни таҳлил қилиш, меҳмонхонага инвестициялар киритиш кабиларни ўз ичига олади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид