Ўзбекистон аҳли қайси телеканални кўпроқ томоша қилиши аниқланди
Бугунги телетомошабиннинг талаби, диди ва дунёқараши кечагидек эмас. У ўзгарувчан, талабчан, мунтазам янгиликларни хоҳлайди. Буни ҳис қилмаган ҳар қандай телеканал ўз-ўзидан четга чиқиб қолади. Хўш, бугунги томошабин қайси канални, қандай дастурларни томоша қилмоқда? Қуйида мана шу саволга жавоб излаб кўрамиз.
Аслида дунё тажрибасига қаралса, бу саволга осонгина жавоб бериш усули аллақачон топилган ва муваффақият билан қўлланиб келинмоқда. Қайси телеканаллар томоша қилинаётганини аниқ кўрсатиб берувчи ақлли ускуналар деярли барча давлатларда ишлаб турибди. Телеканалларнинг асосий даромад манбаи бўлган реклама берувчилар мана шу ўлчовлар натижаларига жиддий эътибор қаратишади. Ўз навбатида телеканаллар ҳам бу ўлчовларга қараб ўз дастурларини таҳлил қилиб чиқишади, режалар тузишади, янги лойиҳалар амалга оширишади.
Сўнгги маълумотларга қаралса, Ўзбекистон телереклама бозори ҳажми мунтазам ошиб бормоқда. 2018 йилда у 74,7 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг шу даврига келиб 87,5 млрд сўмга етиб улгурган (ўсиш 17 фоиз).
Аммо шу билан бирга телеканаллар ўртасида шиддатли, кенг қамровли ва энг муҳими соғлом рақобат кетмоқдаки, бу шубҳасиз Ўзбекистон телебозори тараққиётига хизмат қилади.
Келинг, аниқ маълумотлар билан танишамиз. 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда ҳам телевизон аудиторияларни ўлчаш амалиёти қўлланишга киришилди. Ўлчовларни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган «Kantar Media» компанияси 2019 йилнинг дастлабки ярим йиллиги натижаларини эълон қилди. Уларга кўра миллий каналлар ичида 3,38 фоиз тўплаган «Sevimli» телеканали етакчиликни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни 2,78 фоиз аудитория тўплай олган "Zo'rTV" телеканали эгаллаб турибди.
“Бу рейтингда фақат нодавлат телеканаллар жой олган” деган фикрда бўлганлар адашадилар. Учинчи ўриндаги "Mening yurtim"дан сўнг МТРК таркибига кириувчи "Bolajon" телеканали кучли тўртликни якунлаётгани бунинг исботидир.
«International Media Service» ресурсида эълон қилинган бу маълумотлар ўрганилганда (инфографикага қуйида) республика бўйлаб энг рейтинги баланд беш кўнгилочар дастурларнинг иккитаси, энг оммабоп сериаллар бешлигининг учтаси «Sevimli» телеканалига тегишли эканлиги маълум бўлади.
Кўнгилочар дастурларнинг етакчиси “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатуви эканлигини кўпчилик кутмаган бўлиши мумкин, аммо айнан шундай. Бундай кўрсатувлар рейтингида «Sevimli» телеканалининг «Eslab,eslab» каби залворли дастурлари эмас, «Zirapcha», «Oliftalar» каби ёшларбоп кўрсатувлари жой олганлиги бугунги томошабин қарашларидан далолат беради.
Нега айнан «Sevimli» телеканали рейтингда биринчи ўринда? Бу ҳақда билиш учун телеканалнинг эфир бўйича бош муҳаррири ўринбосари Қаҳрамон Саидалиевнинг фикрларини ўргандик.
– Телеканалимиз мазкур рейтингда етакчиликни қўлга киритганидан мамнунмиз, албатта. Аммо шу билан бирга биринчилик доимий масъулиятни, мунтазам ишлаш заруриятини юклашини яхши англаймиз. Фикримча камтар ютуқларимиз қуйидаги омилларга боғлиқ:
1. Аудитория – бутун оила тамойили.
Маълумки, Ўзбекистонда оилавий қадриятлар жуда муҳим саналади. «Sevimli» телеканали ўзининг асосий аудиторияси сифатида оилани, турли авлодларни, кексаю-ёшларни билади ва барча учун бирдек қизиқарли телемаҳсулотлар тақдим этишга ҳаракат қилади. Телеканал янги логотипидаги “Sev – муҳаббатинг бахш эт” сўзининг доира ичига олиниши оила ҳамжиҳатлиги, яқинлар бир-бирига таянч бўлиши рамзидир.;
2. Янги мавсум – янги дастурлар.
«Sevimli» телеканали 2 сентябрда рамзий старт берилган навбатдаги мавсумда 25дан ортиқ дастурларнинг янги ва янгиланган шаклини ишлаб чиқди. Ҳаммага танилиб улгурган «Zirapcha», «Mening Qaynonam General» ва «Eslab, eslab...» дастурлари телетомошабинга янада яқинлашди, кенгайтирилди. Шу билан бирга қатор янги ва йирик лойиҳаларга қўл урилди. Энди томошабинлар душанбадан жумага қадар аниқ вақтда тонгги дастур – «O'zbegim» ва «Sevimli kun», саломатлик ҳақида маълумот берувчи «Salomat boling», жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ёритадиган «Mahallada duv-duv gap» дастурларидан баҳра олишлари мумкин. Шунингдек, фарзанд тарбиясига боғлиқ «Ideal ona» реалити-шоуси, кечки дастурлардан ўрин олган «Xayrli oqshom» кўрсатувида ҳамюртларимиз ҳақида, уларнинг ноодатий ҳаётий воқеаларидан сўзловчи дастурларни ҳам томоша қилиш имконияти мавжуд.
3. Сериаллар ранг-баранглиги.
Бугунги телеканалларни сериалларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо уларнинг ҳам рейтинги турлича. «Sevimli» телеканали ўз номидан келиб чиқиб, телетомошабинларга энг севимли сериалларнигина тақдим этади. Телеканал турк сериаллари рейтингида етакчилик қилаётган «Beqaror» ("hercai") сериалини ҳам Ўзбекистон ҳудудида намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритиб, уни соат 20:30да халқимиз эътиборига ҳавола этмоқда. Миллий сериалларга келсак, телеканал октябрь ойидан бошлаб «Bokira» сериалини эфирга узатишни режалаштираяпти, бундан ташқари «Sevimli» телеканали ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб, учта йирик сериалга қўл урган. Улардан бирининг ишчи номи «Ko'k ko'z» бўлиб, уни телеканал Unicef халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда суратга олмоқда. Бундан ташқари ёшлар ҳаётидан сўзловчи «Ko'cha» ва оилавий комедия жанридаги «Bobomni uylantiramiz» сериалларини ҳам суратга олиш ишлари жадал кетмоқда;
4. Телелойиҳалар дастуридаги қулайлик.
Бугунги телетомошабин аниқликни хуш кўради. «Sevimli» телеканалининг дастурлари кетма-кетлиги узвийликка асосланади, яъни маълум бир телелойиҳа куннинг фақат муайян бир вақтида намойиш этилади. Бу эса муштарийга ўз ишини аниқ режалаштириш имконини беради.
Ўзбекистон телеканаллари томошабоплиги рейтинги эълон қилина бошлаши соҳанинг янги босқичга кираётганини англатади. Энди ҳар бир телеканал ўз фаолиятининг рақамлардаги ифодасини яққол ҳис қилади ва шунга қараб иш кўради.
Аброр Зоҳидов
Реклама ҳуқуқи асосида