Ўзбекистон телевидениеси қандай бўлиши керак?
Жамиятни бирлаштириш – давлатнинг энг биринчи вазифаси. Жамият қачон давлатга бирлашади – қачонки умумий ўзлик, умумий мақсадга эга бўлса. Одамлар қачон давлатга ишонади, қачонки эркин ва ҳур инсонлар ўз муаммоларини билдира олса ва давлат уларни эшитаётганини, муаммоларига ечим излаётганини ҳис қилса...
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, жамиятни энг кучли интеграция қилувчи восита – бу телевидение, қолаверса, бошқа оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Айниқса, 20-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, бугунга қадар, телевидениенинг ўрни жуда қудратли.
Кейинги икки-уч ўн йилликда интернет пайдо бўлиб, телевидениенинг монополияси пасайди. Лекин, ҳалига қадар телевидениенинг қудрати катта. Бугунга келиб, телевидение интернет ва ижтимоий тармоқлар билан бирлашиб кетиб, замонавий ахборот марказлари пайдо бўлди.
Феврал ойи бошида Ўзбекистон Миллий телерадио компаниясининг 2005 йилдан бери бошқарувда бўлиб келаётган раҳбари ўзгарди. Салкам йигирма йил. Бир асрнинг бешдан бири.
Хўш, бу даврда Ўзбекистон телевидениеси қанчалик жамиятни интеграция қила олди? Қанчалик миллий мустақиллигимиз ва геосиёсий эркинлигимизни таъминлай олди? Бугунги Ўзбекистоннинг ахборот суверенитети қай даражада? Биз, Ўзбекистон халқи ва давлати, ўз ахборот сиёсатимиз билан ташқи ахборотларнинг субъекти бўлдикми, ёки объекти бўлиб қоляпмизми? Яъни биз бошқаларга кўпроқ таъсир қиляпмизми, ёки аксинча, бошқалар бизга кўпроқ таъсир қиляптими?
Ўзбекистон – минтақадаги энг йирик давлат, туркий дунёнинг иккинчи йирик давлати, пост-совет ҳудудининг ҳам де-факто иккинчи йирик давлати. Лекин, Ўзбекистон ўзининг мақомига яраша ахборот қудратига эга эмаслиги ҳаммага маълум. Айниқса, Ўзбекистон телевидениеси ОАВ ичидаги энг мўрт нуқта ҳисобланади.
Қиёсий таҳлил қилганда, “нима учун Ўзбекистон телевидениеси, мисол учун, қўшни Қозоғистондаги каби жонли, жўшқин, жамоатчилик фикри диққат марказида тура оладиган таъсир доирасига эга эмас?” деган савол жуда ўринлидир.
Яна бир муҳим савол шуки, нима учун Ўзбекистон давлати ва жамияти, телевидениемизни бошқача бўлишини тасаввур қилмайди?
Гарчи қўшни Қозоғистон ҳам биз каби авторитар бошқарувни бошдан кечирган бўлса-да, бу давлатнинг ахборот сиёсати ҳар доим биздагидан кўра юмшоқроқ бўлган. Қозоғистон ўзининг ахборот суверенитетини кучлироқ англаган. Чунки Қозоғистон жамиятида рус тилини билиш даражаси юқори бўлгани, Россиянинг ахборот босими хавфли эканини англаш даражаси минтақамизнинг бошқа давлатларидан кўра кучлироқ бўлган.
Ўзбекистон ахборотни назорат қилишнинг жуда кескин даврларини бошидан кечирди. Давлатнинг ахборот сиёсати эркинлик шароитида жамиятни ишонтиришга эмас, балки тотал назорат қилиш орқали ҳокимият учун қулай ва тўғри маълумотни тарқатишга интилди. Натижада, давлатнинг ахбороти – расмий, ишончсиз, сохта, бир ёқлама, муаммолардан холи деб қабул қилинди ва жамият, табиий равишда, муқобил ахборот излади ва топди.
Ўзбекистонда ҳалига қадар ахборот пессимизми кучли. Давлатнинг сиёсий тафаккури шундайки, биз ҳалига қадар эркин ва жўшқин телевидениени тасаввур қила олмаймиз. Аксинча, эркин ТВ – вазиятни беқарорлаштирувчи омил бўлиши мумкин деган хавотирлар онг остимизда мустаҳкам ўрнашиб олган.
Аслида, ижтимоий тафаккур, яъни халқнинг фикрлаши – доим ўзгарувчан бўлади. Эркин ахборот оқими одамларнинг муаммоларини каналлаштириш билан бирга, халқ ва давлатнинг мулоқот кўприги ҳам бўлиши назарда тутилади. Эркин телевидение – бу одамлар ўртасидаги, одамлар ва давлат ўртасидаги мулоқот кўприги бўлиши керак.
Аслида, Ўзбекистонда нисбий сўз эркинлиги ва эркинроқ ОАВ шаклланиб бўлди. Нодавлат секторда жамиятни қийнаётган муаммолар чиқмоқда. Қолаверса, бундан кейин ҳеч ким ижтимоий тармоқларни назорат қила олмайди. Демак, уйқуда қолган ва қолаётган телевидение фақат давлатнинг мулоқот майдончаси оқсаётганини англатади. Бутун дунёда, телеканаллар – жамиятни, давлатни, барча ахборот секментлари ва ижтимоий тармоқларни бирлаштирувчи марказ ролини ўйнамоқда.
Энг қизғин ток-шоулар, бахс-мунозаралар, таҳлилий дастурлар айнан телеканалларда бўлади. Лекин Ўзбекистон ҳозирча бу жараённи жорий қила олмаяпти. Бунга сабаб – яқин ўтмишимиздан мерос қолган маълум фобиялар, ва ахборот эркинлигисиз шаклланиб улгурган сиёсий маданиятимиздир. Биз эркин ва жўшқин телеканалларни тасаввур қила олмаймиз, чунки бизда бундай тасаввур йўқ. Биз ҳаттоки нима йўқотаётганимизни ҳам тасаввур қила олмаймиз.
Ўзбекистонда МТРКдан ташқари, бир қанча хусусий телеканаллар мавжуд. Лекин умумий сиёсий зеҳният – ягона. ТВ каналлар – ахборотни имкон қадар кучли назорат қилиши, танқидий ва эркин маълумотларни жиловлаши керак деган қараш жуда кучли.
МТРК раҳбариятининг ўзгариши – шу пайтгача уйқуда бўлган миллий телевидениемизни ўйғотиш ва 36 миллионлик Ўзбекистон салоҳиятига мутаносиб бўлган телевидение яратиш учун имконият ва заруратдир.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024