Ўзбекистон | 22:49 / 12.09.2019
21414
11 дақиқада ўқилади

Қибрайда «снос»: норозилар ва розилар бор. Kun.uz уларнинг қарашларини ўрганди

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар инсон онгини, фикрини шакллантиришда муҳим ўрин тута бошлагани айни ҳақиқат. Facebook, Telegram ва бошқа ижтимоий медиаларнинг ўзбек сегменти жадал ривожланмоқда. Уларда пайдо бўлган бирор хабар йўқки, яшин тезлигида тарқалиб, кўпчилик эътиборини тортмаса, ёхуд у ёки бу муаммо жамоатчилик эътиборига тушмай, ҳал этилмаса.

Яқинда Facebook тармоғида эълон қилинган бир видеолавҳа эътиборимизни тортди.

Унда Қибрай тумани, Геофизика маҳалласидан ўтган Дўстлик кўчасининг икки ёнида жойлашган 28та хонадон «снос»га тушгани ҳақида, фуқароларнинг уйлари бузилиши билан боғлиқ тортишувлар, Қибрай туман ҳокимлиги вакиллари билан учрашувлардан лавҳалар акс этган.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Таҳририят ходимлари айни «снос» масаласи қандай пайдо бўлганини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Қибрай тумани, Геофизика маҳалласининг уйи бузилишга тушган фуқаролари, маҳалла раиси ва ҳокимлик вакиллари билан учрашиб, муаммо негизини аниқлашга ҳаракат қилди. Маълум бўлишича, уйлари бузилиши режалаштирилаётган фуқаролар орасида мазкур «снос»дан норози бўлганлар қаторида, уни интизорлик билан кутаётганлар ҳам етарлича топилади. Дастлаб, Буюк келажак кўчасида (Дўстлик кўчасига параллел) уйлари бузилиши маълум қилинган фуқароларнинг қарашлари ва хавотирлари хусусида. Улар, нима учун, уйлари бузилишини, янги хонадонлар ёки коттежларга кўчиб ўтишни тўлиқ рад этишмоқда?

Фуқароларнинг айтишича, 2019 йил 20 март куни Қибрай туман Ергеодезкадастр бўлими ходими А.Холмуродов келиб, президент трассаси кенгайтирилиши муносабати билан ер участкалари олиниши хусусида хабардор қилган ҳамда кадастр ҳужжатларини сўраган.

Фуқаролар бу хусусда бирор хат-ҳужжат сўрашганида кўрсатишмаган, аммо орадан бир-икки кун ўтгач, ўзлари истиқомат қилиб турган коттежлар ҳудудида ноқонуний қурилмалар бўлса, уларни 10 кун ичида бузиш чорасини кўришлари зарурлиги хусусида огоҳлантириш хатини келтиришган. Фуқаролар ҳужжат билан туман Ергеодезкадастр бўлимига борганида бўлим раҳбари огоҳлантириш хатининг бу фуқароларга умуман алоқаси йўқлигини, шу боис саволни ҳокимликка бериш зарурлигини айтган.

 

«Биз ҳоким ўринбосари билан учрашдик. У хатни ўқиб чиқиб, “сизларга умуман алоқаси йўқ, нима учун олиб боришганини билмайман”, деган сўзларни айтди. Сўнгра, биз бош архитектор олдига бордик, у ҳам А.Холмуродовга қўнғироқ қилиб, нима учун кераксиз хатларни олиб борганини сўради ва огоҳлантириш хатининг Буюк келажак кўчасида истиқомат қилувчиларга алоқаси йўқлигини билдирди. Апрель ойи охирларида айни Холмуродов маҳалла раисимиз Дилфузахон Маматраимова келиб, “ҳаммаси яхши экани, уйлар бузилмаслигини”ни билдиришди», - дейди Пўлатова.

Аммо, назаримизда, англашилмовчилик вақтдан ютиш учун амалга оширилган кўринади. Йўқса, июнь ойига келганида, энди ҳокимлик вакиллари кўчмас мулкни баҳоловчилар билан бирга айни маҳаллага келиб, фуқароларни безовта қилишмас эди. Қолаверса, бу вақтга келиб, ҳовлининг бир қисми кўча кенгайиши муносабати билан давлат ва жамоат эҳтиёжига олинади, деган сўзлар ўзгариб, уйлар ҳам бузилишини билдира бошлашган. Улар уйларни баҳолаш учун суратга олишга, белгиланган товон пули берилишини айтиб, бузишга рухсат беришни сўраган.

«Биз бу сафар ҳам розилик бермаганимиздан сўнг, ҳокимлик вакиллари уйни баҳолаш учун эртага ҳужжат келтиришларини, бу ҳам иш бермаса, ички ишлар ходимлари билан келишларини билдиришди. Кейин, улар мана бундай мавҳум бир ҳужжатни олиб келишди. Унда на исм-шариф, на уй манзили ёзилган эди. Шу билан бирга, йўл қурилиши ҳақида гап борар эди. Бироқ, ҳеч қандай йўл қурилаётгани йўқ. Бизнинг маҳалламиздан сал юқорироқда янги 2 қаватли коттежлар барпо этилмоқда. Бизнингча, бу жойларда ҳам элита учун шундай уйлар қурилиши мумкин», - дейди Назира Пўлатова уйлари бузилишига норози бўлганлар номидан.

Биз улардан нима учун ер участкаси ва товон пули ваъда қилинаётган бўлса-да, уйлари бузилишини хоҳламаётганини сўрадик.

«Биз ҳар қандай таклиф берилганида ҳам бузилишга қаршимиз, рози эмасмиз. Биз ўз уйларимизла яшашни хоҳлаймиз. Бизга бошқа коттежлар, уйлар керак эмас. Бизга молиявий товон пуллари ҳам керак эмас. Бизнинг уйларимиз эски ҳам эмас, барча қулайликларга эга, 35-40 йил ва ундан ортиқ вақтдан буён яшаб келмоқдамиз», - дея жавоб беришди фуқаролар.

«Биз бир нарсага тушуна олмаяпмиз. Нима учун шаҳарда президент трассасида хавфсизлик ҳудуди 6 метрни ташкил этади-ю, айнан бизлар истиқомат қилаётган жойда велойўлаклар барпо қилишмоқчи», - дея савол билан мурожаат қилади бошқа бир фуқаро.

Шу ўринда яна бир масалага ойдинлик киритиб ўтиш керак. Ўрганишларимизга кўра, баъзи фуқаролар ердан фойдаланиш учун ҳуқуқи бўлмаса-да, ноқонуний қурилмалар ёки боғ-роғлар барпо қилишган. Қуйидаги ҳужжатлар нусхасида хонадонларнинг ер майдонидан фойдаланиш ёки фойдалана олмаслик ҳуқуқининг кадастр идорасида қайд этилганига доир маълумотлар билан танишиш мумкин. Ҳокимлик вакилларининг айтишича, айнан айрим фуқароларни товон пули ҳисобланишида ўзлари ноқонуний фойдаланиб келган ер майдонлари инобатга олинмаслиги ташвишга солаётган кўринади. 

Холислик учун айтиш керак, ушбу маҳаллада уйлари «снос»га тушганларнинг барчаси ҳам бундан норози эмас. Бу ишдан хурсанд бўлаётганлар, уйлари бузилиб, тезроқ товон пули ҳамда уй олишни хоҳлаётганлар ҳам бор ва улар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар нима учун бунга розилик билдиришмоқда? Биз бунинг сабабларини ҳам ўргандик.

«Мен Геофизика маҳалласида яшаётганимга 30 йил, ҳозирги кунда истиқомат қилиб келаётган уйга кўчганимга 15 йил бўлди. Уйимизга кадастр ҳужжатлари бор. Бизга 15- март куни огоҳлантириш хатлари берилиб, уйга товон пули ёки коттеж берилиши ҳақида айтиб кетишди. Биз уч оила, икки ўғлим келинларимиз билан бирга яшаймиз. Ҳовлимиз майдони 4,2 сотих. 6 хонали уй. Биз тиқилиб қолганмиз, қолаверса, қўшнининг ҳудудидан кириб чиқамиз. Шунинг учун ҳам мен уйим бузилишини, болаларим алоҳида яшашини хоҳлаганим боис, рози бўлганман. Шу билан бирга, ҳозирча, ҳокимиятдан ҳеч ким бориб, уйни бўшатиб қўйинг, дегани йўқ, аммо уйнинг нархини чиқариб қўйганман», - дейди Мастура Нуруллаева.

«Бизга уй ўрнига уй ва еримизга товон пули беришсаям розимиз. Фақат шу нархланган суммани беришса бўлди. Ҳатто, пул беришмаса ҳам ҳар бир оилага алоҳида-алоҳида уй беришса ҳам розимиз», - дея суҳбатга қўшилади Мастура опанинг ўғли.

«Уйимнинг кадастри бор. Қайнонам иккинчи гуруҳ ногирони. Қолаверса, қаричилик билан доимий қаровга муҳтож. Шунинг учун бирор жойда ишлай ҳам олмайман. Икки ўғлим, қизим ва турмуш ўртоғим билан шу шароитда яшаб келяпмиз. Норози бўлаётганларнинг яшаш шароитлари бизларникига қараганда яхши-да», - дейди Феруза Музаффарова.

«Биз ҳаммамиз розимиз. Нега деганда, норози бўлаётганларнинг шароити жуда яхши. Уларнинг иситиш тармоғи ва бошқа қулайликлари бор. Бизда, қишда совуқ бўлади, ҳожатхона ташқарида. Канализация йўқ. Мен 1957 йилда туғилганман бўлсам, бир ёшлигимда ота-онам шу ерни сотиб олиб, уй қуришган. Ҳозирда, қўшнимнинг ҳовлиси орқали кириб келаман. Қулайликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади», - дея фикрларини изҳор қилди нафақадаги кимё ўқитувчиси Ольга Савиних.

Ва ниҳоят, уйлари бузилишига норозилар келтирган айрим тахминларни аниқлаш, Вазирлар Маҳкамасининг №01-05/1-4676 сонли йиғилиш баёни мавжудлиги, Геофизика маҳалласининг Дўстлик кўчаси атрофидаги 28та уйнинг бузилиши билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни ўрганиш мақсадида Қибрай туман ҳокимлигига йўл олдик. Бу ерда ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акмал Қосимхўжаев ҳамда ҳокимлик бош юристконсульти Шерали Холмуродов билан учрашиб, уларни суҳбатга тортдик.

«Бош режага асосан, бир нечта хонадон бузилишга тушган. Албатта, бизлар ушбу хонадонларни хатловдан ўтказиб, эгалари билан биргаликда ишлаб, ноқонуний эгаллаб олган жойлари бўлган, булар аниқланиб, хат берилган. Шу билан бирга, бузилиш ишларини олиб бориш учун кераклиги ҳужжатлар тақдим этилган. Геофизика ҳудудида 48та намунали уй-жой қурилиши бошланди. Бузилишга тушган уй эгаларига ушбу коттежлардан олишни таклиф этамиз ва бу ишлар фуқароларнинг розилиги билан амалга оширилади», - дейди ҳоким ўринбосари Акмал Қосимхўжаев.

«Яшаб турган уйлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши тартибга солинган ҳужжатлар, қолаверса, давлат раҳбарининг 2019 йил 3 августда имзолаган фармойишларида ҳам биринчи навбатда фуқаронинг розилигини олиш белгилаб қўйилган. Ушбу белгиланган норматив ҳужжатлардан ҳеч ким четга чиқа олмайди. Биз уйлари бузилишга тушганларнинг битта михини ҳам олганимиз йўқ ҳали. Шунингдек, фармойишда розилиги олинсин, дейилишини суиистеъмол қилиш керакмас. Рози бўлмаслиги билан режаланган ишлар ҳам тўхтаб қолиши ҳам керак эмас-да», - дейди ҳокимлик бош юристконсульти Шерали Холмуродов.

Ҳокимлик бош юристконсульти Шерали Холмуродов, шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган 48 дақиқалик видеолавҳанинг бир қисмига эътиборимизни қаратди. Унинг сўзларига кўра, ўша видеолавҳада уйларнинг бузилишига доир барча қонун талабларини борича тушунтириб берган жойида унинг изоҳи нохолислик билан ўчирилган.

Қайд этиш ўринлики, уйлари бузилишига норози фуқароларнинг кўп қаватли тижорат уйлари қурилиши ёхуд йўл четида велойўлакчалар қурилишига доир билдирган тахминлари ўринсиз. Аммо, шуни ҳам алоҳида уқтириш зарур, уларнинг бундай фикрга келишларига маҳаллий ҳокимлик вакилларининг ҳалқ билан очиқ ва шаффоф мулоқотда бўлмагани, талаб қилинган ҳужжатни ўз вақтида кўрсатмаганлари сабаб бўлган дейиш мумкин. Чунки, уларга ҳужжат рақами айтилган бўлса-да, нусхаси тақдим этилмаган.

Шундай қилиб, ҳужжатга мувофиқ, маълум бўлишича, Янгиобод қишлоғи, Геофизика маҳалласи автомобиль йўли кенгайиши муносабати билан бузилишга тушган 28та якка тартибдаги уй-жойлар учун 14,2 млрд сўм ажратиш белгиланган. Демак, бу жойда на велойўлак ва на кўп қаватли тижорий уй-жой қурилади, балки йўл кенгайтирилади.

Хуллас, ўрганишларимиз натижаси мана шулар. Ўйлаймизки, аҳоли ва ҳокимлик вакиллари навбатдаги «снос» масаласига бошқа вилоятларда кузатилган тушунмовчиликлардан хулоса қилган ҳолда конструктив ёндашиб, муаммога барча томон рози бўладиган бир ечимга келишади.

Мавзуга оид