Ўзбекистон | 16:18 / 12.09.2019
117855
2 дақиқада ўқилади

Шайх Абдулазиз Мансур янги лавозимга тайинланди

Фото: Muslim.uz

Бугун, 12 сентябрь куни шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати хабар берди.

Бунгача шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритиб келган.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган илмий фаолиятни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида ушбу лавозимга тайинланди», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Шайх Абдулазиз Мансур (Мансуров Абдулазиз Дадажон ўғли) 1944 йил Фарғона вилояти Фарғона туманида туғилган. 

1975–1979 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1980–1981 йилларда Судан ислом университетида таҳсил олган.

1982–1989 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Фатво бўлими мудири лавозимида ишлаган.

Мустақиллик йилларида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, «Мовароуннаҳр» нашриёти мудири, Ўзбекистон Республикаси президентининг миллатлаларо муносабатлар ва диний масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси каби масъул лавозимларда фаолият юритган.

2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси (муфтий) ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

2018-2019 йилларда бир муддат Тошкент шаҳрининг бош имом хатиби ва Минор масжидининг имоми бўлиб ҳам ишлаган.

Мавзуга оид