Ўзбекистон | 15:55 / 14.09.2019
2465
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Татаристон туризм соҳасида ҳамкорлик қилади

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Санкт-Петербургдаги ЮНВТО XXIII сессияси доирасида қатор учрашувлар ўтказгач, Қозон шаҳри (Татаристон Республикаси)га йўл олди. Бу ерда у Татаристон Республикаси Мусулмонлар диний идораси раиси Камиль Самигуллин билан учрашди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Абдулазиз Аққулов Қозон шаҳридаги Бош консуллик кўмагида ташкил этилган тадбирда сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти ҳақида сўз юритди.

“Ўзбекистонда ислом олами учун муҳим аҳамиятга эга бўлган халифа Усмон Қуръони сақланаётган Ҳазрати Имом комплекси каби диний марказлар талайгина. Муҳаммад Ал-Бухорий мемориал мажмуаси, Нақшбандия тариқати сўфийлари мақбаралари шулар жумласидандир. Тарихий муқаддас қадамжолар билан яқиндан танишиш учун ҳар йили юртимизга минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда зиёрат туризми Ўзбекистон туризмининг энг истиқболли йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда ва Республика ҳукумати томонидан зиёрат туризмини ривожлантиришга доир қатор чоралар кўрилмоқда”, - деди у.  

Шунингдек, Абдулазиз Аққулов юртимизнинг “Етти пир”, “Мир араб” мадрасаси ва ислом олами учун аҳамиятли бўлган бошқа қатор масканлар ҳақида маълумот берди. 

"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" промо-тадбири доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми тақдимоти ўтказилиб, унда тарихий шаҳарларимиз, муқаддас обидаларимиз ва юртимизда яшаб ўтган ислом оламининг таниқли уламолари ҳақида сўз юритилди ҳамда мавзуга оид видеоролик намойиш этилди. 

Татаристон Республикаси Мусулмонлар идораси хорижий мамлакатларга саёҳатни мустақил равишда ташкиллаштиргани боис, тадбир давомида Идоранинг зиёрат туризми бўйича саёҳат қилувчи туристларни Ўзбекистонга йўналтириш масаласи муҳокама қилинди. 

Бундан ташқари, йиғилганлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилинди. Янги ҳужжатларнинг қабул қилиниши, виза сиёсатининг соддалаштирилиши, транспорт соҳасидаги ўзгаришлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари, ўз ўрнида, Бухоронинг 2020 йилда Ислом олами маданияти пойтахти сифатида тан олиниши муносабати билан татаристонлик мусулмонларни Бухоро шаҳрида ўтадиган кенг кўламли маданий-маърифий тадбирларга таклиф қилишди. 

Шунингдек, 13 сентябрь куни Қозон кооператив институти базасида Ўзбекистон маданий-туристик маркази очилиши бўлиб ўтди. Марказни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов, Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консули Фариддин Насриев ҳамда Татаристон Республикаси Туризм давлат қўмитаси раиси Сергей Ивановлар расман очиб беришди. 

Марказ Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда илм-фан, таълим ва маданият тизимларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида хизмат қилади. Бу ерда талабалар Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, миллий анъаналари ва туристик салоҳияти билан танишишлари мумкин.  

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Марказга Ўзбекистон ва унинг алоҳида ҳудудлари, уларнинг тарихи, буюк олимларига оид маълумотларни жамлаган энциклопедия ҳамда қўлланмалар фойдаланиш учун тақдим қилинди.

"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" промо-тадбири доирасида Қозон кооператив институти ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Ҳужжатда қўшма анжуманлар, симпозиумлар, конференциялар, тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ўзаро академик алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилган. 

Мазкур битимнинг имзоланиши туризм соҳасида кадрларни тайёрлашда ўзаро тажриба алмашишга доир ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва биргаликдаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш йўлида хизмат қилади.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид