Жамият | 12:11 / 17.09.2019
8154
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда янги арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди

«О‘zshahar qurilish invest» инжиниринг компанияси томонидан ҳудудларда эҳтиёжманд оилалар учун кўп қаватли арзон турар-жой бинолари қуриб фойдаланишга топширилмоқда. 2019 йилги давлат дастури доирасида республикада 355та кўп қаватли арзон тураржойлар қурилиши белгиланган бўлиб, шундан 35таси Тошкент вилояти ҳудудига тўғри келади. Ангрен шаҳридаги 5та кўп қаватли тураржой биноси қайта реконструкция қилиниши ҳам дастурдан ўрин олган. Бу йил вилоятнинг Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида 10тадан, Бекобод, Оҳангарон  ва Бўстонлиқ шаҳарларида эса 5тадан кўп қаватли арзон тураржойлар қад ростламоқда.

Бўстонлиқ туманида қурилган замонавий арзон уй жойларнининг калитлари ўз эгаларига топширилди. Ушбу уйлар ёш оилалар, ногиронлиги бор шахслар ва уй жойга муҳтож бўлган бошқа тоифалардаги аҳолига 20 йиллик имтиёзли кредитлар асосида берилди. Ҳар бир кўп қаватли уй 2 ва 3 хонали 30 хонадондан иборат. Қурилишда асосан маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Сифат нуқтаи назардан замон талабларига тўла жавоб беради. Ташқи коммуникация ва ободонлаштириш ишлари ҳам тўлиқ якунланган. Ушбу қурилиш ишлари «О‘zshahar qurilish invest» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида “Акобир авто транс” МЧЖ қурувчилари томонидан бунёд этилди. 

Тадбирда сўзга чиққан нуронийлар бугунги янгиланиш ва бўлаётган ислоҳотларни эътироф этишди. Янги хонадонларнинг соҳиблари улкан қувонч ва кўз ёшлар ила ушбу бунёдкорлик йиллар давомида кутилган орзуси эканлигини таъкидлашди. Тадбирда куй-қушиқлар янгради. Янги хонадонлар соҳибларига калит билан биргаликда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. 

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси янада кучаймоқда. Айниқса, ҳудудларда барпо этилаётган  кўп қаватли арзон уй-жойга эга бўлаётган ёш оилаларнинг қувончи чексиз.

Мавзуга оид