Ўзбекистон | 17:56 / 30.09.2019
104925
4 дақиқада ўқилади

«Мен раҳбар аёл сифатида Шуҳрат Ғаниевнинг ишини қоралайман» — Гавҳар Алимова

Бугун, 30 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатида Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Фарғона вилоят ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниев масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилишда Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи муҳокама қилиниб, сенаторлар ва комиссия аъзолари ўз муносабатларини билдиришди.

Мақсуда Ворисова

«Мамлакатимиз демократик асосларда ривожланаётган давлатлар қаторига кириб бормоқда. Лекин биргина Фарғона вилояти ҳокимнинг ўйламай айтган гаплари бу ҳаракатларни йўққа чиқариши мумкин.

Рўмол йиллар давомида хотин-қизларнинг кийим элементи бўлиб келган. Аёлларимиз уни ўзларига хос қилиб ўраб юришади, лекин унинг учун тазйиққа учратиш ҳолатлари бўлмаган. Биргина рўмол баҳонасида бу каби қаттиқ гап айтиш мутлақо нотўғри бўлган», - дея сенатор Мақсуда Ворисованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, Регламент ва одоб комиссияси йиғилиши раиси ўринбосари, Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова ҳам сўзга чиқиб, Шуҳрат Ғаниев масаласига ўхшаш ҳолатлар ёшларнинг раҳбарлик лавозимларига бўлган интилишларини сусайтиришини алоҳида айтиб ўтди.

Гавҳар Алимова

«Жамиятга унинг хотин-қизларга бўлган муносабати билан баҳо берилади. Шунинг учун ҳам мен раҳбар аёл сифатида Шуҳрат Ғаниевнинг ишини қоралайман», - дейди Гавҳар Алимова.

Сенатор Толибжон Мадумаров ҳам ўз мулоҳазаларини билдириб ўтиб, вилоят ҳокими ва сенаторнинг вазифаси 2 томонлама, яъни ҳам ҳудуд манфаатини ҳимоя қилиш, ҳам ҳудудни ривожлантиришдан иборат эканлигини айтиб ўтди. Бундан ташқари, Конституцияга кўра, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва бурчлари белгилаб қўйилгани эслатиб ўтилди.

Толибжон Мадумаров

«Ҳар бир раҳбар гапиришдан олдин унинг қанақа таъсир қилишини, халққа нимадир фойдаси тегадими-йўқми ўйлаши керак. Тан олиш керакки, Шуҳрат Ғаниев ҳақида бундан олдин ҳам ижтимоий тармоқларда анча муҳокамалар бўлган. Олдинроқ Тошлоқ ва Риштон туманида содир бўлган воқеалар ҳам раҳбар учун хулоса чиқаришга арзийди.

Раҳбар бўлса ҳам, нима билан нафас олаётгани, инсонийлик ёки миллий қадрияти – бу инсоннинг ўз ҳуқуқи, бурчини эса низомлар бўйича талаб қилишга тўлиқ ҳақлимиз», - дея фикр билдирган сенатор Толибжон Мадумаров.

29 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокими соқол, рўмол ва иш жойларида намозга қарши чиқиб, бунга бўйсунмаганларни қамаш билан таҳдид қилгани ёзилган аудио тарқалган эди. Фарғона вилояти ҳокими селектор давомида турк инсвесторининг соқолини олишни буюрган, вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса, ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини айтгани, шунингдек, олдида ким бўлишидан қатъи назар рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса, унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Шуҳрат Ғаниевнинг тарқалган аудиоси бўйича расмий баёнот бериб, ҳокимнинг сўзлари нотўғри талқин қилингани, шу билан биргаликда Шуҳрат Ғаниев ижтимоий тармоқлардаги фикрлардан хулоса чиқарганини билдирганди.

Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Шуҳрат Ғаниев айбини тан олди, унга қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилди.

Мавзуга оид