Жаҳон | 23:31 / 03.10.2019
16106
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон президенти БМТ хавфсизлик кенгашини танқид қилди

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғдаги вазият сабабли БМТ Хавфсизлик кенгашини танқид қилди.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши Қорабоғ бўйича 4 та резолюция, жумладан босиб олинган ҳудудлардан арман кучларининг зудлик билан ва сўзсиз олиб чиқилишини талаб қилувчи резолюцияларни қабул қилган, бироқ улар 25 йилдан кўпроқ вақтдан бери бажарилмаяпти. Ва шу ерда биз қабул қилинган қарорлар бажарилиши борасида муҳим саволга келмоқдамиз. БМТ Хавфсизлик кенгаши энг олий халқаро орган. Агар Хавфсизлик кенгаши қабул қилган қарорлар 25 йилдан бери бажарилмаётган бўлса, унда бу ташкилотнинг самарадорлиги борасида кўплаб саволлар туғилади. Бизни Озарбойжонда резолюциялар бажарилишининг танланма характери ташвишлантиради”, деб айтган Алиев “Валдай” Халқаро мунозаралар клуби йиғилишида.  

Озарбойжон президентининг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюциялари баъзида бир неча кун ичида бажарилади, баъзида эса улар ҳарбий ҳаракатлар амалга ошириш учун умуман талаб қилинмайди. “Бизнинг вазиятда эса резолюциялар фақат қоғоздагина қолмоқда”, деб айтган Алиев. 

Қорабоғдаги можаро 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Озарбойжон таркибидан чиқишини эълон қилгандан кейин бошланган. 1991 йил сентябрда автоном вилоят маркази Степанакертда Тоғли Қорабоғ республикаси ташкил этилгани эълон қилинган. Озарбойжон ҳукумати кейин юз берган ҳарбий ихтилоф вақтида вилоят устидан назоратни қўлдан чиқарган.

Мавзуга оид