Ўзбекистон | 15:40 / 03.10.2019
11901
2 дақиқада ўқилади

Шерзодхон Қудратхўжаев: «Сайловлар вақтида маданиятни унутиб турайлик»

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бугун, 3 октябрь куни, «Пойтахт» бизнес марказида «Ўзбекистоннинг янгиланган сайлов қонунчилиги – демократик сайловлар ўтказишнинг асоси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Марказий сайлов комиссияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этишди. Конференцияда сайловолди ва сайлов жараёнини ёритишда ОАВнинг ўрни, айниқса, партия нашрларининг фаолияти ҳақида ҳам алоҳида масала муҳокама этилди. Давра суҳбатига бошчилик қилган Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжаев сайлов жараёнидаги аёвсиз курашлар, соғлом рақобат, ОАВнинг роли тўғрисида фикр билдирди. 

«Ҳозир кўпчиликнинг фикрини эшитдим: сайлов чоғида партиялар маданият доирасида, бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда ҳаракатланиши керак. Бошқача айтганда, улар ўзини маълум қолипга солиши лозим. Кечирасиз-у, гап халқ тақдири, эртанги куни, иқтисодий ривожланиши ҳақида кетар экан, блогерлар ижтимоий тармоқларни «ёндираётган» пайтда қандай маданият ҳақида гапириш мумкин? Майли, партиялар ўртасида тортишув, баҳсларлар бўлсин. Ҳақоратлар бўлса, суд олдида жавоб берсин. Сиёсий партиялар оқсуяк аёлларни тайёрлайдиган институт бўлмаслиги керак. Сайлов чоғида маданиятни унутиб турайлик. Демократик тамойиллар асосида ўтадиган сиёсий курашда номзодлар ва кенг жамоатчилик (сайловчилар) енг шимариб астойдил фаол бўлиши талаб этилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Қудратхўжаев партиялар нашрлари ўз номзодларини пиар қилишда бирмунча оқсоқликка йўл қўйишаётганини танқид қилди, партиялар газеталари янада фаол бўлиши кераклиги ҳақида гапирди. Партиялар фақат босма нашрлардан эмас, балки ташвиқотнинг бошқа воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқ имкониятлари, интернет нашрлардан максимал даражада фойдаланишлари лозимлиги таъкидланди.

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид