Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шерзодхон Қудратхўжаев: «Инсоният тарихи коронавирусга қадар ва ундан кейинги даврга бўлинади»
Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳозирги даврнинг бош мавзуси атрофидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Инсоният тарихида кўплаб ваболар бўлган ва айнан шу даврларда буюк асарлар яратилган. Яъни инсон ўзини англаш, мушоҳада қилиш даври бу. Бугун жамият ўйлаяпти! Аввал 6-7 фоизгина одамда ҳақиқий мушоҳада қилиш ва фикрларини қоғозга тушириш қобилияти бўлган бўлса, бугун ижтимоий тармоқлар ривожи туфайли бу кўрсаткич анча ошди», – дейди Қудратхўжаев.
– Мушоҳада тўғрисида гапирдингиз. Бугун мушоҳада учун вақтимиз етарлича, қадриятлар тўғрисида ўйлаб олиш имконияти бор.
– Назаримда, инсоният тарихи 2019 йил ва ундан кейинги даврга бўлинади. Бу пандемия тўғрисида жаҳон миқёсида кинолар ишланади, асарлар ёзилади. Бугун қадриятларни қайта баҳолайдиган пайт келди.
Фарзандимизга илм берадиган ўқитувчиларни кўнгилдагидек ҳурмат қилмадик, бугун ишимиз тушиб турган шифокорларни керак бўлса урдик ҳам. Лекин синовли онларда ким аслида кимлиги билиняпти. Бутун халқ жипс бўладиган, ҳаммасидан керакли хулоса чиқарадиган кунлар келди бугун.

– Ўзбекистон анча йиллар ёпиқ давлат бўлиб келди. Сиёсатчилар, санъаткорлар, журналистларнинг кўпи «запрет»га тушди. Сизнинг фаолиятингиз телевидение билан бевосита боғлиқ. Ҳозир ҳам қандайдир тақиқлар борми?
– Бизда шу кўп соҳалар қатори ОАВ фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатган «запрет» деган бир бало бор эди. Тасаввур қилинг, агар биз ёпиқ давлатлигимизча қолганимизда, бугун ҳам асл вазиятни билмай ўтирардик. Нафақат санъаткорлар, сиёсатчилар, балки қатор бошқа соҳа вакиллари ҳам «запрет» мазасини «татиб кўришди».
Шахсан ўзим ҳам президент матбуот хизматида ишлагандан кейин 9 йил муддат тақиқда бўлдим. Бу ҳақда ҳеч гапирмагандим, Kun.uz сайти муштарийлари биринчи бўлиб эшитишмоқда. Мана, телевидениега қайтдим, ишлаяпман. Халқаро пресс-клуб жамоаси қатор мукофотларга лойиқ кўрилди. Буларнинг ҳаммаси учун президентимизга миннатдорчилик билдираман.
Худога шукр, бугун сўз эркинлиги, халқимизни нима ўйлантираётган бўлса, тўғридан-тўғри эфирларда бемалол гапиряпмиз, муҳокамалар қиляпмиз.
– Ўзи умуман «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди ташкил этиш ғояси қандай туғилган ва бу фонд фаолияти ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
– Аслида бу фонд Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида шу пайтга қадар ҳам бўлган, лекин эҳтиёж бўлмаганлиги сабаблими, ишламай турган. Бугунги кунда нафақат давлат, балки юртдошларимиз, тадбиркорлар ва турли ташкилотлар ҳам эзгу ишга бош қўшадиган пайт. Шуни ҳисобга олиб, фонд фаолияти жонлантирилди. Қуръони Каримнинг Бақара сурасида хайрияни ибрат бўлиши учун ошкор қилишга ҳам даъват қилинган.

Ёдингизда бўлса, Пресс-клуб сессиясида бу ҳақда эълон қилдик. Биринчи бўлиб Президент Администрацияси ходимлари бир кунлик маошларини ўтказиб беришди. Сенатор Содиқ Сафоев дарҳол бу ишга бош қўшдилар. Дастлабки кунда жуда оз маблағ тушди, адашмасам 30 миллион сўмча.
Кейин сенаторларимиз, Бош прокуратура, ички ишлар тизими, ДХХ ва бошқа ташкилотлар ўзлари ташаббус кўрсатиб, бир кунлик маошларини ўтказа бошладилар. Тадбиркорларимиз сафга қўшилишди, пластик карталар рақамларини эълон қилганимиздан кейин оддий ҳамюртларимиз ҳам имкон қадар атаганларини туширишяпти. Бугун бу фондга ҳисса қўшаётган бирор соҳа қолмади, десам хато бўлмаса керак.
Айни пайтга келиб фонд ҳисоб рақамида 37 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўпланди (суҳбат 3 апрель куни ёзиб олинган, кейинчалик тушган маблағлар миқдори 42 млрд сўмга яқинлашгани хабар қилинди).
Бу маблағларнинг сарфланиши шаффоф – асосан тиббий мақсадларда, касалликка қарши кураш учун ишлатилмоқда.
– Хайрия жуда яхши амал албатта, аммо бугунги кундаги боқимандалик кайфияти ҳам бор айримларда. Кузатсангиз, улар ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам норозилик кайфиятида бўлишади.
– Пресс-клубнинг асосий шиори бу – инсон капитали. Буюк Британия бош вазири Тэтчер хонимнинг бир гапи бор: давлатимизнинг нефти, пахта, ғалласи йўқ, аммо асосий бойлиги – инсонлар.
Ҳа, афсуски боқимандалик ҳолати учраб туради. Куни кеча ҳам шундай бир видео тарқалди. Чўккалаб ўтирган аёл ёрдам сифатида олиб келинган озиқ-овқатларни итқитиб, камлигидан норозилигини билдирмоқда. Кечирасиз, кам бўлса ишланг, кўпроғини топинг. Фақат бир кунлик озиқ-овқати бўлмаган одамгина бошқалардан тиланиши мумкин.
Ҳозир айни экин мавсуми. Кўпчиликда томорқалар бор, унумли фойдаланиш керак. Ўзим ҳам орзу қиламан, имконим бўлса, томорқамда товуқ, қуён, қўй боқсам дейман. Ахир 5-10та тухум ҳам бир рўзғорга барака олиб келади-ку. Боқимандаликка ўрганмаслик керак.

– Бу синовлар Худо хоҳласа эртами-кечми тугайди. Карантиндан кейинги Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз?
– Синовларда тобланиб чиққан кучли давлат сифатида тасаввур қиламан ва бунга ишонаман. Халқимиз иккинчи жаҳон урушини ҳам мардонавор енгиб ўтган. Ўзи 4,5 млн аҳоли бўлгани ҳолда 18 ёшдан 60 ёшганча бўлган 1,5 млн нафар боболаримиз урушга жўнашган. Бу ерда қолган оналаримиз жон бериб ишлашган, фронтга ёрдам беришган.
Энг муҳими, биз миллат бўлиб бирлашганимизни кўрамиз. Ўзбек давлатчилиги тарихи саҳифаларида бугунги кунлар «Ўзбекистон давлати мана шу пандемия давридан шараф билан ўтган эди», деб ёзилади.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.
Мавзуга оид
23:21 / 15.05.2025
Осиёда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кескин ошди
00:12 / 05.05.2025
Испанияда фарзандларини тўрт йил уйдан чиқармаган ота-она ҳибсга олинди
18:36 / 17.01.2024
«Журналист – таҳдидларга қарши яхлит ва ягона куч» — фаоллар президентнинг миллий контент яратишга оид чақириғи ҳақида
23:29 / 03.07.2021