Ўзбекистонда ёздаги энергия истеъмолининг энг юқори миқдори қишкисидан ошиб кетди
Ўзбекистонда ёз давомида сарф қилинган электр энергияси миқдорининг энг юқори нуқтаси қишки даврники билан таққослаганда анча кўпроқни ташкил этмоқда. Бу ҳақда «Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.
«Авваллари бизда ёздаги энергия истеъмоли доимо қишдагисига нисбатан кам бўларди. Бу йил эса ёздаги энг юқори электр энергияси сарфи миқдори қиш давридаги пик-нуқтадан сезиларли даражада ошиб кетди», – деди Мирзамаҳмудов «Россия 24»га берган интервьюсида.
Унга кўра, бундай тенденция мамлакатда бизнес ва ишлаб чиқариш фаоллашаётгани билан боғлиқ.
«Бу – ишбилармонлик фаоллигининг кўрсаткичи. Жуда кўплаб янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмоқда. Уларнинг ҳаммасига энергия керак», – дея изоҳ берди Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги бош директори.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдан Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинида Марказий Осиёдаги илк атом электр станцияси қурилиши бошланиши кутилмоқда.
«Ўзатом» танланган майдондаги муҳандислик тадқиқотларини 2019 йилнинг охиригача тугаллашни режалаштирган. АЭС қурилиши бўйича Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан асосий шартнома ҳам жорий йил сўнгига қадар имзоланиши кутиляпти.
Ўзбекистондаги биринчи АЭС ҳар бири 1,2 минг мегаватт қувватга эга 2та энергоблокдан иборат бўлади. Биринчи энергоблокни 2028 йилгача, иккинчисини эса 2030 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.
Мавзуга оид
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
20:20 / 16.10.2024
АЭС дирекцияси раҳбари: Ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб кетилади
15:00 / 14.10.2024
Франция радиоактив чиқиндиларни қозон ва вилкаларга айлантиришни режалаштирмоқда
20:57 / 08.10.2024