«Номаълум снайперларнинг иши» — Ироқдаги коррупцияга қарши намойишда 100 киши отиб ташланди
Ироқ яна можаролар марказига айланди. Бу гал мамлакат ўзи учун янгича инқироз гирдобида қолди. Ироқдаги уруш вақтида туғилган ва дунёга келганидан буён урушдан бошқа нарса кўрмаган ёшлар мамлакатдаги коррупцион тизимдан тоқатлари тоқ бўлиб намойишга чиқишди. Бир ҳафтадан кўпроқ давом этган намойишлар камида 100 киши отиб ташланиши билан якунланди...
Аввалига интернет ва ижтимоий тармоқларни блоклаган Ироқ ҳукумати вазият жиддийлашиб кетганидан сўнг ёшларга ислоҳотлар таклиф қилди. 100 кишининг ўлдирилишини эса ҳукумат «номаълум снайперларнинг иши» деб атамоқда.
Норозилик акциялари 1 октябрь куни пойтахт Бағдодда бошланди, кейин эса бошқа шаҳарларда ҳам минглаб одамлар кўчаларга чиқишди.
Намойишларнинг илк кунларидан бошлаб полиция ва армиянинг махсус аскарлари одамларга фаол қаршилик кўрсатади. Ёш намойишчилар эса бунга жавобан баллонлар ёқишди, улар ҳатто 50дан ортиқ биноларга ҳам ўт қўйишди. Бинолар орасида ҳукуматга алоқадорлари ҳам бор эди.
3 октябрь куни Ироқ ҳукумати мамлакатда комендантлик соати эълон қилди. Кейин эса Ироқнинг баъзи ҳудудларида интернет ўчирилди. Ироқ бош вазири Одил Абдул-Маҳди бу чораларни «ютиш керак бўлган аччиқ дори» деб атади. Ҳукумат раҳбарининг тусмол қилишича, намойишларга чора кўрилмаса, бу давлат тўнтаришига олиб келади.
Кейинги кун эса... Кейинги кун Al Jazeera нашри маълум қилишича, ҳақиқий қирғин бошланади. Ироқ хавфсизлик кучлари аскарлари ҳавога эмас, одамларга қарата ўқ узди. Қурбон бўлганлар сони соат сайин ошиб борди. Ироқ бош вазири Абдул-Маҳди бу отишмадан сўнг ҳукумат кучларига ўзини ҳимоя қилишдан бошқа топшириқ бермаганини айтиб, намойишчилар билан учрашишга тайёр эканини айтди. Аммо бу чиқиш ҳам фойда бермади. Эртаси куни янада кўпроқ одамлар кўчага чиқди ва яна ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Ироқ полициясининг ахборотига кўра, намойишлар вақтида 110 нафар одам ҳалок бўлиб, 6 мингдан кўпроқ одам яраланган.
Терроризм енгилди, энди навбат коррупцияга
ИШИД чекинганидан буён Ироққа терроризмнинг тўғридан-тўғри хавфи камайди, одамларнинг эндиги мақсади коррупцияни енгиш. Халқ коррупциянинг зарари терроризмдан кам эмаслигини айтмоқда. Сингапур университетининг Яқин Шарқ институти эксперти Фанар Ҳаддоднинг айтишича, ироқликлар ўзларини узоқ вақт терроризм ва мамлакатнинг мавжуд бўлишига таҳдид ўртасидаги қопқонда деб ҳис қилишарди, ҳозир эса улар ўзларини сиёсий ва олигархларга хизмат қилаётган иқтисодий инқироз орасига тушиб қолгандек сезишмоқда.
Ироқдаги воқеаларни бутун дунёдаги нашрлар ёритмоқда. The Washington Post намойишчи болалардан бири билан гаплашди: «Биз Америка билан уруш вақтида туғилибоқ ўз келажагимизни йўқотдик. Биз сиёсий танишлари бор одамлар назорат қиладиган меҳнат бозорида ҳам кераксиз бўлиб қолдик. Агар ҳукумат бу вазиятни яхшиламаса, у фақат ёмонлашади».
Ироқ ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг иддао қилишича, намойишчилар ва ҳарбийлар томонидан ўт очишларга «қора кучлар» аралашган. Унинг фикрича, одамларни номаълум снайперлар отган. Шунингдек, «қора кучлар»нинг одамлари намойишчилар орасида ҳам бўлган. Ироқ хавфсизлик кучлари бу борада суриштирув ўтказиб, чиндан оммавий қирғинда «номаълум снайперлар»нинг қўли борлигини тасдиқлади. Маълум бўлишича, кўпчилик бошидан ва юрагидан ўқ еб ҳалок бўлган (снайперлар тананинг шу ерларига отишади).
Ироқ қуролли кучлари эса бўлиб ўтган воқеаларда жавобгарликнинг бир қисмини ўз зиммасига олди.
«Биз чегарадан чиққан командирларни жазолашни бошладик», дейилади ҳарбийлар баёнотида.
Шиаларнинг муқаддас куни Арбаин яқинлашмоқда. Бу намойишларнинг янги тўлқинини бошлаши мумкин
Ироқ ҳукуматида энг кўп ўринга эга диний раҳнамо Муқтада ас-Сарнинг партияси ҳукумат истеъфоси ва муддатидан аввал сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда. Бу эса Ироқ ҳукуматини хавотирга солиб қўйди ва бош вазир исёнчиларни соатлаб эшитишга ва уларнинг талабларини бажаришга рози эканини бот-бот такрорламоқда.
Ҳукумат диний раҳнамонинг чиқишидан ҳайиққанига яна бир сабаб шуки, яқинда Ироқнинг Карбало шаҳрида шиалар учун муқаддас кун ҳисобланган Арбаин бошланади. Сафар ойининг 20-кунида нишонланадиган бу кун жорий милодий йилда 19 октябрга тўғри келади. Айнан сафар ойининг 20-кунида қиёмат пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)нинг набиралари, ҳазрати Алининг (р.а) фарзандлари имом Ҳусайннинг вафоти ҳақидаги хабар Мадинага етиб борган. Шу боис Карбалодаги имом Ҳусайн масжиди Арбаин куни миллионлаб одамлар билан гавжум бўлади (ҳар йил ўртача 15-18 миллион зиёратчи шу куни Карбалога боради). Экспертларнинг айтишича, Арбаин кунида йиғилган одамлар ақл бовар қилмас норозилик акциясини ўтказиши мумкин. Агар шундай бўлса, Ироқ ҳукумати вазиятни қўлдан чиқариши ҳеч гап эмас.
Мавзуга оид
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
12:10 / 28.10.2024
Туркия ҲҲК Ироқ шимолидаги 34 та объектни йўқ қилди
11:00 / 23.10.2024
Ироқ: Ғазо ва Ливандаги уруш бошқа минтақаларда янги можароларга олиб келиши мумкин
23:04 / 02.10.2024