Ўзбекистон | 22:20 / 08.10.2019
130069
4 дақиқада ўқилади

Умра-2019 учун янги нархлар ҳақида маълумот берилди

Бугун, 8 октябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг «Ёшлар пресс-клуби»да Умра-2019 мавсуми бўйича брифинг ўтказилди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов иштирок этди ва умра сафаридаги сарф-харажатлар, виза бериш тартиби ҳақида маълумот бериб ўтди.

«2019 йил Умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ арзонлаштирилгани ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Яъни, 11 600 000 сўм этиб белгиланган смета бугунги кунда 11 450 000 сўм сифатида арзонлаштирилган нархда шакллантирилди. Яна бир масалага алоҳида эътибор қаратмоқчимизки, жорий йил сентябрь ойидан бошлаб Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ жорий этилмоқда. Юқоридаги харажатлар сметасига ушбу маблағ киритилмаган. Бу кейинги шартномада белгиланиши режалаштириб олинди. Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб Саудия Арабистони подшоҳлигида туризм, Ҳаж ва Умра зиёратлари тартибига қўшимча ўзгартиришлар киритиш тўғрисида янги низом амалиётга татбиқ қилинди. Унга кўра, подшоҳликка кириш учун туризм, Ҳаж ва транзит визалари учун янги нархлари ва муддатлари белгиланди. Умра, туризм, бизнес, яқин қариндоши ёки дўстларини зиёрат қилиш масалаларида 30 кун учун 300 риал, яъни 80 АҚШ доллари миқдорида сумма белгиланди. Ҳаж визаси ҳам 80 АҚШ доллари миқдорида сумма белгиланди. Транзит визаси 96 соат муддат учун айни нарх белгиланган. Ҳаж ва Умра зиёрати учун сўнгги 5 йил ичида такрорий адо этган шахслардан ундириладиган 2 минг риал, яъни 533 АҚШ долларига тенг қўшимча тўлов тартиби бекор қилинди. Унинг ўрнига 132 АҚШ долларига тенг маблағ киритилди. Шунингдек, ҳар бир зиёратчига виза расмийлаштириш учун ундириладиган тўлов, 5 фоиз қўшимча қиймат солиғи, электрон хизмат ва ширкатнинг хизмат ҳақи жами 498 риал, яъни 132 АҚШ доллари этиб белгиланди.

Зиёратларга хизмат кўрсатишнинг янги тизим, яъни электрон платформа жорий қилинмоқда. Янги тизим тўлиқ ишга туширилмагани сабабли 20 кун Саудия Арабистонига кириш визаси фаолияти тўхтаб қолган. Шу йилнинг 25 сентябрь кунидан бошлаб электрон платформа орқали дастлаб кичик гуруҳли (5-25 нафар) умра зиёратчиларига «В2С» турдаги кириш визалари расмийлаштириш бошланган.

Кўплаб саволлар бўлмоқдаки, хусусий фирмалар томонидан визалар олиш амалиёти бор, аммо умумий тарзда Умра зиёратчилари учун визалар олинмаганини ушбу ҳолат билан изоҳлаш мумкин. Лекин, умра зиёратига келиши режалаштирилаётган ҳукуматлараро келишув асосидаги катта гуруҳларга эса мазкур порталнинг тўлиқ ишга туширилмагани сабабли «В2В» турдаги виза бериш тизими ҳозиргача ишга тушмагани ҳақида расман билдирилди. Ушбу турдаги кириш визасини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча амалий ишлар амалга оширилиб, жараён шай ҳолга келтирилган. Ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган. Барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилган. Масалалар ҳал этилганидан сўнг бу бўйича веб сайтда эълон қиламиз», – дея масъул шахснинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид