Жамият | 21:00 / 17.10.2019
216370
2 дақиқада ўқилади

Яқин қариндошлар автомобилни ишончномасиз бошқариши талаблари маълум қилинди

Президент қарорида 1 октябрдан яқин қариндошлар томонидан автомобилни ишочномасиз бошқариш ҳуқуқи берилганди.

Бугун, 17 октябрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ташаббуси билан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбир давомида кўплаб саволларга сабаб бўлаётган яқин қариндошлар томонидан ишончномасиз автомобиль бошқариш талаблари ҳақида ахборот берилди.

«Президент қарорида 1 октябрдан яқин қариндошлар томонидан автомобилни ишочномасиз бошқариш ҳуқуқи берилди. Лекин ҳали қонуности ҳужжатлари қабул қилинмади. Бу бўйича ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Ўйланманки, яқинда лойиҳа тасдиқланиб амалга киритилади. Айни пайтда яқин қариндошлар исм-фамилияси суғурта полисида кўрсатилган бўлса ёки суғурта полиси чексиз (бошқарувчилар сони бўйича) бўлса, фуқаролар яқин қариндошларининг автомобилини ишончномасиз бошқариши мумкин», дея ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, президент томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан Транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

Мавзуга оид