Спорт | 12:00 / 24.10.2019
30028
10 дақиқада ўқилади

Мессининг янги рекорди ва Чемберленнинг суперголлари. ЕЧЛда 3-тур якунлари

Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувлари якунланди.

«Аякс»нинг илк мағлубияти

H гуруҳи
«Лилль» — «Валенсия» — 1:1 
(Иконе, 90+5 — Черишев, 63)

Денис Черишев Испания чемпионати доирасида «Атлетико»га қарши ўйинда омадсиз ҳаракат қилган бўлсада (биринчидан, тўп унинг қўлига текканидан кейин рақиб пенальти тепганди, иккинчидан у юз фоизлик имкониятдан фойдалана олмаганди) мураббий унга имкон берди.

Лиллдаги ўйинда Черишев бехато ҳаракат қилди. Гамейродан ажойиб пас қабул қилиб олганидан сўнг у Мадридда бўлгани каби кучли зарба йўлламади (ўшанда унинг зарбаси дарвоза тўсинидан қайтганди), шунчаки тўпни дарвозабоннинг ёнгинасидан дарвоза тўрига киритиб қўйди. Ўйиннинг қолган қисмида Денис жамоага ҳимояланишда ёрдам берди, Диакаби 84-дақиқада қизил карточка олиб майдондан четлатилгач, мураббий Черишев ўрнига ҳимоячи Гарайни туширишга мажбур бўлди. Диакабининг четлатилиши ўйин тақдирини ҳал қилди, «Валенсия» ўйиннинг сўнгги дақиқасида гол ўтказиб юборди, Иконе ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқада гол уриб, испанларга гуруҳ етакчилари қаторига қўшилиб олишига имкон бермади.

«Аякс» — «Челси» — 0:1 (Батшуайи, 86)
Ўйин арафасида журналистлар Фрэнк Лэмпард «Аякс»дан қўрқаётганини тахмин қилишганди. Бундай саволни эшитган мураббий жилмайиб жавоб берганди: ҳурмат қилиш бор, аммо қўрқув йўқ. Энг яхши жавоб майдонда қайтарилди,  лондонликлар ўйинни жуда прагматик ўтказишди. Айтиш мумкинки, «Челси»нинг омади ҳам келди. Айниқса, биринчи бўлимда Зиёшнинг узатмасидан кейин Промес тўпни дарвоза тўрига жойлаганида. Аммо бу вазиятда ВАР Квинсида микроскопик офсайд бўлганини қайд этди.

Яна бир вазиятда Промес Альваресни қулай вазиятга чиқарди, аммо аргентиналик ҳимоячининг зарбасидан кейин инглизларни дарвоза тўсини голдан сақлаб қолди. Иккинчи бўлимда футболчилар алмаштирилишидан кейин меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди. Пулишич томонидан яратилган биринчи голли вазиятдан Батшуайи фойдалана олмади, аммо америкалик футболчининг кейинги пасини бельгиялик форвард дарвоза тўрига жойлади.

«Аякс» еврокубокларда шу вақтгача 446 дақиқа давомида гол ўтказмаётганди, бу голдан кейин эса бу мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди. Амстердамликлар сўнгги марта Чемпионлар лигаси яримфиналида «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда мағлуб бўлганди.

Суарес яна сафарда гол уролмади

 

F гуруҳи
«Славия» Пр — «Барселона» — 1:2
 (Боржил, 50 — Месси, 3. Олайинка, 57, автогол)

Агар бу турда Криштиану Роналду гол уришда танаффус қилган бўлса, Месси Артурнинг ажойиб пасидан унумли фойдаланди. Аргентиналик футболчи бу орқали Чемпионлар лигасида қаторасига 15 мавсумда гол урган биринчи футболчи бўлди. Ҳа, агар кетма-кет эмас, барча мавсумлар ҳисобга олинганда бундай натижа «Реал» афсонаси Рауль томонидан ҳам қайд этилган, бу борада рекордчи эса Райан Гиггз ҳисобланади, у жами 16 мавсумда ЕЧЛда камида биттадан гол урган. Қолаверса, «Славия» Месси ЕЧЛда гол урган 33-жамоа бўлди, бу борадаги биринчиликни Лео Рауль ва Роналду билан бирга бўлишиб турибди.

Ўйиннинг бундай бошланиши прагаликларни синдириб қўймади. Чехлар бу турнирда анча дадил ўйнамоқда, агар Тер Штегеннинг сэйвлари бўлмаганида, мезбонлар ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Боржил ҳисобни тенглаштирганида бу мантиқий якунга ўхшаб кўринганди. Қолаверса, Суареснинг сафарда гол уролмаслик комплекси мезбонлар фойдасига ишлади. Уругвайлик футболчи кўп вақтлардан бери бегона стадионда гол ура олмаяпти ва бу серия бу оқшомда ҳам давом этди. Лекин барибир Луиснинг зарбаси каталонларга ғалаба келтирди, деярли имконият йўқ вазиятда туриб, майдондан чиқиб кетаётган тўпни майдонга қайтарганида тўп рақиб ҳужумчиси Олайинкага тегиб дарвоза тўрига кириб кетди.

«Интер» — «Боруссия» Д — 2:0 (Лаутаро Мартинес, 22. Кандрева, 89)

Оқшомнинг энг марказий ўйинида Сенси ва Ройснинг йўқлиги мухлисларни хафа қилди, якунда Дортмунднинг йўқотиши аҳамиятлироқ бўлиб чиқди. «Асаларилар»ни Шульц уялтирди. У сунъий офсайд юзага келтиришда хатога йўл қўйгач Лаутаро Мартинес ҳисобни очди.

Бу оқшомда Ҳуммельс ҳам ўзининг энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказди, 2016 йилдан буён илк марта «Боруссия» сардори боғичини таққан футболчи хатога йўл қўйиб, пенальтига сабабчи бўлди, Мартинес Бюрки билан дуэлни бой берган бўлса-да, миланликлар кейинчалик барибир иккинчи голни уришди - қарши ҳужумда Кандрева дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва ўйинга якуний нуқтани қўйди.

Голлар ёмғири гуруҳи

Е гуруҳи
«Генк» — «Ливерпуль» — 1:4 (Одей, 86 — Окслейд-Чемберлен, 2, 57. Мане, 77. Салоҳ, 87)

Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиблари Бельгиядаги ўйинни тетиклик билан бошлашди — Окслейд-Чемберлен 2-дақиқадаёқ қайтариб бўлмас зарба йўллади. Аммо қизиллар ҳимояда хатоларга йўл қўйишди, агар «Генк» футболчилари аниқроқ ҳаракат қилишганида биринчи бўлимдаёқ камида битта гол уришлари мумкин эди. Саматта тўпни барибир дарвоза тўрига жойлаган вазиятда эса, арбитр форвард гол урилишидан олдин Милнерга нисбатан фол қайд этган деб топди.

Ўйин ҳужумларга бой бўлди, икки томон ҳам ўз вазиятларидан фойдаланганида, ҳисоб масалан 6:4 ёки 7:5 бўлиши ҳеч кимни ҳайратлантирмаган бўларди. Фақат мезбонлар вазият кетидан вазиятни кўкка совурди, Юрген Клоппа жамоаси эса вазиятлардан фойдаланиш борасида мастер-класс ўтди. Қолаверса, вазиятлардан фойдаланиш жуда чиройли ҳаракатлар билан амалга оширилди, айниқса Окслейд-Чемберленнинг иккинчи голи шубҳасиз ҳафтанинг энг чиройли голи бўлди. Бу гол «Ливерпуль»нинг Чемпионлар лигасидаги юбилей 200-голи эди.

«Зальцбург» — «Наполи» — 2:3 (Ҳоланд, 41, пенальти, 72 — Мертенс, 17, 64. Инсинье, 73)

Норвегиялик вундеркинд Ҳоланд Чемпионлар лигасини забт этишда давом этмоқда. Бу оқшомда унинг самарадорлик сериясини ВАР ҳам, итальянлар дарвозабони Мерет ҳам тўхтатишга уринди. Аммо Малкюи жарима майдонига ёриб кирган Хван Хи Чханни йиқитганидан кейин белгиланган пенальтини Ҳоланд аниқ ижро этиб, турнирдаги голлари сонини 5тага етказиб қўйди.

Қизиқ, бу форвард келгусида қайси клуб либосини кияр экан? Бундай иқтидори билан Ҳоланд Дрогбанинг натижаларига эришишга қодир, яқин ўтмиш афсонаси 16 йил муқаддам Чемпионлар лигасидаги дастлабки уч ўйинида 5та гол урганди. Норвегиялик ҳужумчи эса иккинчи бўлимда қанотдан узатилган тўпни боши билан ажойиб тарзда дарвозага йўллаган ҳолда бу натижани ортда ҳам қолдирди

Лекин ўйинда яна бир қаҳрамон бор эди, Мертенс бу ўйинда дубль қайд этиб, «Наполи» сафидаги голлари сонини 116тага етказди ва клуб учун гол уриш борасида афсонавий Диего Марадонани ортда қолдирди. Энди олдинда фақат бир футболчи, шу йил баҳорида Хитой чемпионатига йўл олган Ҳамшик қолди (121). Бундан ташқари, ҳисоб 2:2 эканлигида Мертенс Инсинье ғалаба голини уришига ёрдамлашди. Неаполитанликлар хурсандчилигидан Карло Анчелоттини бўғиб қўйишига бир бахя қолди.

Дарвозабоннинг хатоси

G гуруҳи
«Бенфика» — «Лион» — 2:1
 (Рафа Силва, 4.Пицци, 86 — Депай, 70)

Руди Гарсия Чемпионлар лигасига қайтиши бу даражада драматик бўлишини кутмагани аниқ. «Лион» унинг бошқарувида характер кўрсата бошлади ва Лиссабонда ҳисобни тенглаштирди, аммо барчасини дарвозабон Антони Лопешнинг қўпол хатоси чиппакка чиқарди. У тўпни эгалллаб олгач, уни ўйинга киритишга шошилди, унинг улоқтирган тўпи тўғри бориб Пиццининг оёқларига тушди, у эса узоқ масофадан бўлса-да бўш қолган дарвозани аниқ ишғол этди.

«Лейпциг» — «Зенит» — 2:1 (Ляймер, 49. Забитцер, 59 — Ракицкий, 25)

«Зенит» Лейпцигга гуруҳ етакчиси сифатида йўл олганди, ҳолбуки ЕЧЛ ўйинлари бошланиши арафасида ушбу квартетнинг яққол фаворити Юлиан Нагельсман жамоаси бўлиши кутилганди. Лиондаги дуранг ва «Бенфика» устидан қозонилган ғалаба Россия чемпиони биринчи ўрин учун курашишини кўрсатиб қўйди. Энди асосий масала Бундеслига вакилига қарши икки ўйинда ҳал бўлиши аниқ эди.

«Ред Булл Арена»да нималар бўлди? «Зенит» муносиб ҳаракат қилди, биринчи бўлиб ҳисобни очди, аммо якунда питерликлар жамоаси РПЛда бундай юқори интенсивликдаги ўйинларда иштирок этмаслиги панд берди. «РБ Лейпциг» иккинчи бўлимда ўйинда бурилиш ясади ва ўзи яратган вазиятлардан унумли фойдаланиб, гуруҳ етакчилигини «Зенит»дан тортиб олди.

Мавзуга оид