Ўзбекистон | 01:11 / 25.10.2019
106636
2 дақиқада ўқилади

Илк бекатлари қуриб битказилган Тошкент ерусти метросидан фоторепортаж 

24 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташриф буюриб, ерусти ҳалқа метросининг қурилиши билан танишди. Айни пайтда «Дўстлик-2» ва «Оҳангарон» бекатлари қуриб битказилган.

Узунлиги қарийб 55 километр бўлган мазкур транспорт тармоғининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд. Лойиҳа беш босқичда амалга оширилиши белгиланган.

Бугунги кунда унинг биринчи босқичи — метрополитеннинг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган 11 километрлик қисми қурилмоқда. Бу йўналишда 7 та бекат бўлади.

Шавкат Мирзиёев станцияларда йўловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди, шунингдек, «Дўстлик» бекатидан «Оҳангарон» бекатигача поездда бориб, ерусти метросининг илк йўловчиси бўлди.

Бекатлар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар, эскалатор билан жиҳозланган.

Қуйида сиз янги ерусти метросининг суратларини томоша қилган ҳолда, у қандай кўринишга эга бўлиши борасида тўлиқроқ хулосаларни чиқаришингиз мумкин.

Ҳозирда Қўйлиқ бозоригача бўлган йўлнинг қолган қисмида ҳам пойдеворлар қуюлиб, таянч устунлар ўрнатиш якунланган. Балкалар ўрнатиш, бекатлар қуриш ишлари давом этмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан «Олмазор» бекати боғланади. Учинчи бўлиб «Беруний», ундан кейин «Бодомзор» бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна «Дўстлик» бекатига уланади.

Аввалроқ Президент томонидан Тошкент метрополитенининг бекатлари йўловчилар учун шунчаки кутиш жойи бўлиб қолмай, балки, ерусти метросининг атрофи аҳоли дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган, оилавий келиб сайр қиладиган манзилгоҳ ҳам бўлиши кераклиги айтилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид