Ўзбекистон | 12:35 / 25.10.2019
5448
2 дақиқада ўқилади

Сув хўжалиги вазири: «Ўзбекистон трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишдан манфаатдор» 

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Нукус шаҳрида ўтказилаётган «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологияси ҳудуди» халқаро конференциясида трансчегаравий сув ресурслари тўғрисида гапирди.

«Орол денгизининг қуриши ҳозирги куннинг жуда катта ва долзарб муаммоларидан бири бўлиб турибди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Орол муаммосининг салбий оқибатларини пасайтириш учун комплекс чораларни кўрмоқда. Шулардан бири трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ҳамкорликда фойдаланишдир. Бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ҳам муҳим ўрин эгаллайди. 

Трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш - тинчлик ва барқарорлик омилидир. Биз бу борада қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан махсус комиссияни тузганмиз ва бугунги кунда у самарали фаолият олиб бормоқда. Биз трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишнинг янада қулай имкониятларини ўрганиб чиқмоқдамиз. Ўзбекистон бундан манфаатдор. 

Ҳозирги кунда сув хўжалиги бўйича мавжуд бўлган трансчегаравий иншоотларга алоқадор барча муаммолар ўз ечимини топган. Барча ҳолатлар халқаро сув ҳуқуқи меъёрлари бўйича тартибга солинмоқда.

Биз Марказий Осиё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича регионал дастурни туздик ва конференция аъзоларига тақдим қилдик. Бу дастурнинг қабул қилиниши регионал сув ҳамкорлигини янада ривожлантириш имконини беради. Ўзбекистон бу дастурнинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши учун барча чораларни кўришга тайёр», - дея Шавкат Ҳамроевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид