Ғиждувонлик муаллима ўлимида айбдор деб топилган шифокорга суд жазоси ўзгаришсиз қолдирилди
Kun.uz сайтида «Ғиждувонлик муаллиманинг сирли ўлими: унинг яқинлари қотил(лар) жазоланишидан умидвор» сарлавҳаси остида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 10-мактабда 26 йилдан буён бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида ишлаб келган ва 2018 йил 4 январда сирли тарзда ўлим топган бошланғич синф ўқитувчиси Гулмира Нуриддинова билан боғлиқ воқеа ёритилган эди.
Унда марҳумнинг яқинлари Г.Нуриддинова врач Салоҳиддин Холов ўз уйида очган ЯТТ шаклидаги клиникада даволана туриб вафот этгани, ўлим сабаби Ғиждувон тумани суд-тиббий эксперти Фахриддин Аҳмедовнинг хулосасига кўра атай ўзгартирилгани ҳақидаги иддаолари илгари суришган эди.
Марҳумнинг жасади С.Холовнинг уй клиникасидан қарийб 7 км наридаги Катта Жаъфари ариғи ичидан топилган, унга сувга чўкиб ўлиш ташхиси қўйилган эди.
Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, С.Холов ва унинг яқинлари ҳамда Ф.Аҳмедов айбловларни рад этишган. Уларнинг бу борадаги мурожаатлари аввало Ғиждувон туман ҳуқуқ тартибот органлари, чунончи туман прокуратураси томонидан мутлақо эътиборсиз қолдирилади. Г.Нуриддинова вафот этгани ҳолатида жиноят аломатлари йўқ, деб топилади.
Марҳуманинг яқинлари томонидан юқори инстанциядаги ҳуқуқ-тартибот органларга тинимсиз мурожаатлардан сўнг 2018 йил сентябрь ойида эксгумация ўтказилади. Тошкентдан келган эксперт Шоҳсанам Ядгарова бошчилигида қабр очилади ва жасаддан намуналар олинади.
Шундан сўнг ишдаги янги ҳолатлар юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилиб иш судга оширилган.
Такрорий экспертиза ва тергов ҳужжатларига кўра, марҳума Гулмира Нуриддинова сувга чўкиб эмас, юборилган дори воситасидан заҳарланиб ўлгани ойдинлашади. Эксперт Ф.Аҳмедов эса жасадни дастлабки ёриб кўриш натижаларини сохталаштиргани маълум бўлди.
Г.Нуриддинованинг яқинлари шифокор Салоҳиддин Холов ва унинг оила аъзоларини 2018 йил 4 январь кунги дастлабки экспертиза чоғида врачлар тил бириктириб экспертиза хулосаларини сохталаштиришгани, марҳум «руҳий касал»га чиқарилиб, туман прокурорлари томонидан ишни «ёпди-ёпди» қилишга уринилгани, бир оиланинг мурожаатлари «копток» қилинганидан ғазабда эди.
Бу орада Салоҳиддин Холовнинг қизи Human.uz сайтига берган видеоинтервьюсида ҳам марҳум руҳий носоғлом бўлганини таъкидлаб ўтган. (Айни пайтда видеоинтервью Youtube порталидан ўчирилган — аммо таҳририятда унинг ёзуви бор — Ш.Ш.).
Шундан кейин Г.Нуриддинованинг ўлимида гумонланиб, шифокор Салоҳиддин Холов эҳтиёт шарт сифатида қамоққа олинган. Айблов хулосасига кўра, С.Холов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлиши), 134-моддаси (мурдани таҳқирлаш), 186-моддаси 3-қисми (одам ўлишига сабаб бўлган хизматлар кўрсатиш) билан айбланган.
Шунингдек, марҳум Г.Нуриддинованинг жасадини ёриб, ўрганган эксперт Фахриддин Аҳмедов ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми (экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бериши) билан айбланган.
Дастлаб мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди юритувига келиб тушган. ЖИБ Вобкент туман суди судьяси Маҳмуд Орипов Kun.uz мухбирига шундай деган эди:
— Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланаётган айбланувчиларга доир жиноят ишининг тайёрлов қисмини кўриб бошлаган эдик. Бироқ жабрланувчи томонидан келтирилган ёзма раддия ҳамда судланувчининг адвокати томонидан келтирилган ёзма раддиялар муҳокамага қўйилиб тингланди ҳамда мен — раислик қилувчи М.Ориповга нисбатан уларнинг ишнинг холисона, беғараз ўтишини таъминлаш, бошқа суд тартибида кўриш, қолаверса судланувчилардан бири билан битта қишлоқда истиқомат қилишим сабабли суд холисона ўтишига тўсқинликлар бўлиши эҳтимоли юзага келиши мумкин, деган фикрлар эътиборга олиниб, ЖПКнинг 76-, 80- ҳамда 426-моддалари тартибида, алоҳида хонада ёзма равишда ажрим қабул қилиниб, суд мажлиси иштирокчиларига ўқиб эшиттирилди. Улар томонидан келтирилган раддия қаноатлантирилди. Суд мазкур жиноят ишини кўриб чиқиш ва судлов масаласини ҳал қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судига юбориш бўйича ажрим қабул қилди ва тарафларга эълон қилинди.
Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди юритувига келиб тушади. ЖИБ Шофиркон туман суди раиси Ж.Жуманиёзов томонидан ўқиб эшиттирилган ҳукмга кўра, Салоҳиддин Холов Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган, унга шу моддага асосан ва ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифасидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Фахриддин Аҳмедов эса ЖКнинг 238-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, икки йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. У ҳам ЖК 45-моддасига кўра 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифасидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Ҳар икки тараф суднинг мазкур қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти ёзган. Апелляция шикоятлари Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.
Очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи судья А.Шайдоев ва ҳайъат аъзолари томонидан 21 октябрь куни чиқарилган ажримга кўра, Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судининг 2019 йил 11 июлдаги ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган, келтирилган апелляция шикоятлари қаноатлантирилмаган.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
19:12 / 31.10.2024
“Халқимизнинг соддалиги сабаб бўлмоқда”— Тошкент шаҳар суди раиси Panorama Airways ишига тўхталди
14:10 / 31.10.2024