Жамият | 14:15 / 02.11.2019
37225
3 дақиқада ўқилади

ИИВ Навоийдаги шифокорларга тажовуз бўйича баёнот берди

Учқудуқдаги тез тиббий ёрдам шифокори билан боғлиқ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда

Фото: Видеодан кадр

Kun.uz сайтида “Шифокор хор бўлдими?! Тез ёрдам ходимларига яна бир тажовуз” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Навоий вилоятида юз берган ҳолат юзасидан маълумот ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги изоҳи берилган эди.

Навоий вилояти ички ишлар бошқармасининг хабар қилишича, 2019 йилнинг 31 октябрь куни соат 17:40ларда Навоий вилояти Учқудуқ тумани Тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига фуқаро Элдор Пўлатов таниши Камол Ҳикматовнинг соғлиғи ёмонлашганлиги юзасидан мурожаат қилган. Хабарга асосан тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори Нажмиддин Болиқулов ва навбатчи фельдшер Улуғбек Ражабовлар соат 17:45ларда Учқудуқ тумани Наврўз кўчаси 10-уй 4-хонадонга етиб борган.

Тиббиёт ходимларини маст ҳолда бўлган Э.Пўлатов кутиб олган. Фуқаро К.Ҳикматов эса тиббиёт ходимлари келганлигини билиб, уйғонган ва навбатчи шифокор Н.Болиқулов эгнидаги кўк рангли тиббиёт халати устидан куртка кийиб олганлигига эътироз билдириб “Нима учун оқ халатда эмассан, нима учун мени оёғинг билан туртиб уйғотдинг” деб, Н. Болиқулов билан ўзаро жанжаллашган.

Жанжал вақтида маст ҳолдаги К.Ҳикматов шифокор Н.Болиқуловнинг кўкрак қисмига қўли билан бир маротаба урган ҳамда К.Ҳикматов ва Э.Пўлатовлар шифокорни турли уятсиз сўзлар билан ҳақоратлаганлар.

Ушбу ҳолат юзасидан навбатчи фельдшер У.Ражабов ўз уяли алоқа воситаси орқали туман ИИБ профилактика инспектори Э.Исломовга соат 17:49да хабар берган. Хабар асосида профилактика инспекторлари Э.Исломов, Ф.Пўлатов ва А.Исматуллаевлар воқеа жойига дарҳол етиб келишиб, зиддиятли вазиятга тезкорлик билан барҳам беришган. Мазкур ҳолат шу куннинг ўзидаёқ, Учқудуқ туман ИИБнинг Навбатчилик қисмида рўйхатдан ўтказилган.

Ўз навбатида, К.Ҳикматов ва Э.Пўлатовлар туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Маст ҳолдаги фуқароларни реабилитация қилиш” марказига жойлаштирганлар.

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни шифокор Н.Болиқуловнинг соғлигини ёмонлашганлиги ҳолати юзасидан, судга оид тиббий экспертиза тайинланган ва тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланган.

Ҳозирда К.Ҳикматов ва Э.Пўлатовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик)да кўрсатилган ҳаракатларни содир этганликлари бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда” – дейилади ИИВ Ахборот хизмати баёнотида.

Мавзуга оид