Ўзбекистон | 21:05 / 05.11.2019
18422
3 дақиқада ўқилади

«Isuzu Motors» Самарқандда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга оширмоқчи

Фото: ЎзА

«Isuzu Motors» компанияси Самарқанд автозаводида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробардан кўпроққа оширишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Япония компанияси расмий вакили Ясуюки Нижимага асосланиб, Kun.uz мухбири хабар берди.

«ЎзАвто» бизни қўллаб-қувватлаяпти. Самарқанд автомобиль заводи акцияларининг бир қисми бизга тегишли. Ҳозир бу заводда йилига 3-4 минг автомобиль ишлаб чиқариляпти. Бу кўрсаткични йилига 10 мингтагача етказиш режамиз бор», – деди Ясуюки Нижима.

«Isuzu Motors» расмийси ўтган ҳафта Япониянинг Фужисама шаҳрида бўлиб ўтган халқаро автомеханиклар танлови вақтида журналистлар билан суҳбатда бўлиб, юқоридаги маълумотни қайд этиб ўтди.

«Isuzu Motors» вакилларининг қўшимча қилишича, компания ҳозирча электробуслар ва гибрид автобусларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштирмаяпти.

Фото: "Тошшаҳартрансхизмат"

«СамАвто» маълумотига кўра, Самарқанд автомобиль заводининг 8 фоиз акцияси «Isuzu Motors»га қарашли. Завод акцияларининг 58 фоизига «Ўзавтосаноат», 26 фоизига «Асака» банки, яна 8 фоизига Япониянинг «Itochu» корпорацияси эгалик қилади.

1999 йилда очилган Самарқанд автомобиль заводи 2006 йилдан буён «Isuzu Motors» компанияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Завод автобуслар, юк ва махсус автомобиллар ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар қаторида дизель двигателидан ташқари, сиқилган табиий газда юрувчи автомобиллар ҳам бор. Бу транспорт воситалари экологик жиҳатдан «Евро-2»дан «Евро-5»гача бўлган стандартда ишлаб чиқарилмоқда.

Фото: "СамАвто"

Завод маҳсулотлари қўшни республикалар, Россия ва Грузияга экспорт қилинади.

Ҳозирга келиб, Самарқандда ишлаб чиқарилган жами автомобиллар сони 36 мингдан ортади.

Фото: "СамАвто"

Маълумот учун, «Isuzu Motors» – биринчи япон автоишлабчиқарувчиси саналади. Асос солинганига юз йилдан ошган компания бутун дунё бўйлаб тижорат ва юк автомобиллари, йўлтанламаслар ва автобуслар ишлаб чиқаради.

2018 молия йилида «Isuzu» моделидаги 648 мингга яқин автомобиль сотилган. Улардан тўрт мингга яқини, юқорида таъкидланганидек, Самарқанд автомобиль заводи ҳиссасига тўғри келади.

Мавзуга оид