Ўзбекистон ва Норвегия ўртасида янги комиссия таъсис этилиши мумкин
2019 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Норвегия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг иккинчи раунди бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов, Норвегия делегациясига эса Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Аудун Ҳалворсен раҳбарлик қилди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги икки мамлакат муносабатлари жараёни кўриб чиқилди, Ўзбекистон ва Норвегия ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон-Норвегия мулоқотининг фаоллашгани қайд этилди ҳамда шу муносабат билан ҳамкорликни институтлаштириш, хусусан, тенглик асосида икки мамлакат парламентларида ҳамкорлик бўйича гуруҳлар ташкил этиш, Омбудсман институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирилди. Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия таъсис этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат делегациялари глобал ва минтақавий халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ва «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциялари ҳамда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондининг фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун Норвегия томонига миннатдорлик билдирилди.
Учрашув якунида ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни мунтазам равишда давом эттиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги маълум қилинди.
Музокараларда Норвегиянинг Ўзбекистондаги элчиси Оле Жоҳан Бжорной иштирок этди.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
12:00 / 21.11.2024
Норвегия валиаҳд маликасининг ўғли зўравонлик иши бўйича ҳибсга олинди
18:15 / 28.10.2024
Ўзбекистоннинг Швейцариядаги янги тайинланган элчиси иш бошлади
13:50 / 25.10.2024