Спорт | 13:05 / 12.11.2019
24294
9 дақиқада ўқилади

Келажак юлдузлари. Родриго, Винисиус эмас

Икки ҳафта олдин «Реал» бобокалонларидан бири Хорхе Вальдано клубнинг икки бразилиялик юлдузини солиштириб кўрганди.

«Улар бир-биридан фарқ қилади. Винисиус жисмонан кучлироқ, Родриго эса табиатан истеъдодли. Уларнинг ўхшаш жиҳати – ҳар иккисини ҳам буюк келажак кутмоқда», деганди афсонавий футболчи.

Бироз ажойиб солиштирув, зеро айнан Винисиус ўзини кўпроқ бразилияликларга ўхшаб тутади: финт қилишни ёқтиради, кўпинча шерикларини унутиб қўяди, аксинча, бир ёш кичик бўлган Родриго эса, ҳозирдан каттароқ, тажрибалироқдек кўринади. Ва фақат майдонда эмас.

Родригонинг келиши кутилмаган бўлди, демайлиг-у, 2019/20 йилги мавсум арафасидаги фаол трансфер муҳокамалари орасида сезилмай ҳам қолди. «Погба ёки Эриксен?» саволи Мадридда кўндаланг бўлиб турган пайтда Бразилиядан навбатдаги вингернинг 45 миллион евро эвазига олиб келиниши кўпчиликнинг эътиборини қозонмади ҳам. Айниқса, ўзига хос иқтидор сифатида тилга олинган Винисиуснинг «оддий вазиятларда тўғри қарорлар қабул қила олмаётгани» (бу Бразилия терма жамоаси мураббийи Тетедан иқтибос) фонида у қадар истиқболни кафолатламаётганди. Лекин Мадриддаги «қайта қуриш» кечика бошлади, кейин Асенсио жароҳат олди, Зиданнинг Бэйл билан зиддияти қайтадан бошланди, Азарнинг ортиқча вазни муҳокама мавзуси бўлди. Ана шунда, яъни Зидан ҳар бир футболчини потенциал асосий таркиб ўйинчиси сифатида кўраётган бир паллада Родриго пайдо бўлди. Қаранг-а, у босим остида ҳам ўзини жуда яхши намоён қила олар экан.

18 ёшида «Реал» футболчисига айланган Родриго, дарҳол «Кастильо»га жўнади. Дастлабки ойни жароҳат туфайли ўтказиб юборган футболчи сентябрда резерв жамоа таркибида икки ўйин ўтказгач асосий таркибга қайтди.

Родриго илк бор «Реал» либосини 6-турда, «Осасуна»га қарши ўйинда кийди ва майдонга чиққанидан 93 сония ўтмай гол урди. Голнинг ўзи ҳам ажойиб урилганди – Родриго тўпни олиб бориб, ҳимоячини терс йўналишда доғда қолдирди ва жуда керакли паллада гавдаси билан тўпни тўсиб, уни узоқ бурчакка жойлаб қўйди. 18 ёшли футболчи учун ажойиб техника ва совуққонлик.

Болаликда «Сантос»нинг футзал жамоаси таркибида ўйнаб юрар экан, Родриго ўз кумири сифатида Неймарни танлаганди. Лекин фақат майдонда, майдон ташқарисида эса у Неймарнинг бутунлай тескариси. Жуда кам гапиради ва айтганлари ҳам, кўпинча оддий, матбуот котибларининг фикрларидан фарқ қилмайди.

Бу отасининг хизмати. Ўз вақтида футболчи бўлган Эрик ўғлини оммадан имкон қадар узоқ тутишга ҳаракат қилади, ўзи саволларга жавоб беришга тўғри келганда эса, энг муҳими муваффақиятлардан боши айланиб қолмаслик ҳақида таъкидлайди.

«Менда унинг истеъдоди бўлмаган, лекин узоқ вақт футбол билан шуғуллана олдим. Бу билан мен оғир меҳнатнинг самарасини жуда яхши тушунаман. Ўғлимнинг ҳозирда ўзини хотиржам тутаётгани мени фахрлантиради», – дейди Эрик.

«Реал»да ўзини ерда сақлаб туриш «Сантос»дагидан қийинроқ, аммо гувоҳи бўлганингиздек, оиладаноқ тўғри қадриятлар йўлга қўйилган. Трансфер амалга ошиши билан Испания нашрларида Родриго «Кастилья»да ўйнашни истамаётгани, асосий таркибнинг муҳим футболчиси бўлмоқчи экани ҳақида ёза бошлашди. Миш-мишлар бир муддат кўтарилиб, кейин тинди. Лекин октябрда асосий таркибда ўйнай бошлаган Родриго бу мавзуга ҳам нуқта қўйди.

«Мен учун «Кастилья»га қайтиш муаммо эмас. Агар «Реал» таркибига кира олмасам, у ерда ўйнайвераман, асосий таркибда лозим кўришса, бу ерда ўйнайман», – дейди у.

Родригонинг ўйинидан қачонки, унинг эндигина 18 ёш эканини ёдингизда тутсангизгина, қойил қоласиз. У бу ёшдаги ва Европада ўзининг илк мавсумини ўтказаётан футболчи сифатида ҳаддан ташқари самарали ва ақлли ўйин кўрсатади. Бу паллада футболчи тўп билан зўр финтлар кўрсатиши, ўзини жалб этиши осонроқ, лекин Родриго бошқа тарафдан қойил қолдиради. У тажрибали футболчиларга хос тарзда совуққон, хотиржам ва доим тўғри қарорлар қила олади. «Галатасарой» дарвозасига урилган гол ҳам бунинг ёрқин далилидир.

Родриго бир ҳаракат билан икки ҳимоячини доғда қолдирди, бироз пауза қилиб, узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Бироорта ҳам ортиқча ҳаракат йўқ. Юқорида тилга олинган «Осасуна» дарвозасига урилган голнинг ўзгинаси, фақат, бу сафар ҳужум ўнг қанотдан уюштирилганди ва Родриго тўпни чап оёғига мослади. Аслида ўнақай, аммо чап қанотни яхши кўрадиган ҳужумчи аслида унинг учун ҳар икки қанот ҳам бир эканини айтади.

«Мен ҳар икки қанотда ҳам ўйнайвераман, муҳими жамоага фойда келтирсам бўлди», – дейди ёш юлдуз.

Бу шунчаки гап эмас, фактлар ҳам бу сўзларни исботлайди: «Реал» таркибидаги илк 4 голнинг иккитаси чап оёқда ва биттаси бош билан урилди. Дарвоқе, «Галатасарой» дарвозасига амалга оширилган ҳет-трик футболча таърифда «мукаммал ҳет-трик» бўлди, яъни голлар ўнг оёқда, чап оёқда ва бош билан урилди.

Голлар фақат тананинг қайси қисми билан урилгани билан эмас, турли услубларда урилгани билан ҳам эътиборни тортади. Бензема ҳимоячиларни бошқа томонга «бошлаб олиб кетгач», 174 см бўйи бўлган Родриго бўш қолган марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлди ва узатмага бош билан зарба бериб, дарвозани ишғол қилди. Иккинчи гол ажойиб дриблинг эвазига амалга ошган бўлса, учинчи голда Родриго Бензема билан жуда чиройли комбинация уюштирди.

Ҳар икки қанотда ўйнай олиш қобилияти Родригони қутқариб ҳам қолиши мумкин, зеро бир кун келиб Азар оптимал формага қайтади ва чап қанотни ўзиники қилиб олади. Шу билан бирга, Родригонинг жарима майдонига интилишини ҳисобга олиб, тўлақонли вингер деб аташ ҳам қийин. Қайсидир маънода уни Криштиану ёки Мбаппега қиёслаш мумкин. Уни фақат ўнг ёки чап қанотда эмас, 4-4-2 ромбда ҳужумчилар ортида ёки 4-2-3-1 схемасида ҳужумчилардан бири сифатида ҳам тасаввур қилиш қийин эмас.

Бошида Хорхе Вальданонинг қиёсини келтирдик, энди Ривалдонинг сўзларини ҳам эслаймиз. «Барселона»нинг собиқ футболчиси бир қараганда оддий, лекин жуда ўринли фикр билдирганди: «Винисиус ва Родриго маҳорат бобида ўхшаш, аммо ҳужумларни якунлаш борасида Родриго анча кучлироқ. Футболда натижа муҳимроқ, шунинг учун Винисиус бунинг устида ишлаш керак, Родриго эса, ҳозирдан қотил-ҳужумчини эслатмоқда».

Ривалдо бир сўз билан суперклуб учун муҳим аҳамият касб этадиган фарқни ўртага чиқарди. Иқтидор керак, лекин самарали ҳаракатлар муҳимроқ. Родриго ҳозирдан ёш иқтидорли футболчига эмас, узоқ йиллардан бери юқори савияда, босим остида ўйнаб юрган юлдузни эслатади. Бу унинг ўзига хослиги. Айтганча, Родриго ва Винисиус яқин дўст.

Табиий, Мадридда пайдо бўлиб қолган икки бразилияликнинг дўст бўлмаслиги ҳам ғалати бўларди, аммо ҳар икки футболчи буни жуда тез тилга олишлари ҳам эътиборга арзийди. Винисиус бир куни асосий таркиб учун рақобат мавзуси ўзаро суҳбатларни умуман тилга олинмаслигини айтганди, Родриго эса, илк ойларда Мадридга кўникишда Винисиуснинг ёрдами беқиёс бўлганини таъкидлайди.

«Учинчи голни урганимда, бу «мукаммал ҳет трик» эканини тушундим. Учала гол ҳам ҳар хил урилганди. Ўша тўпни олиб, ўз шкафимга яшириб қўйдим. Ҳамма футболчилар бу тўпга имзо қўйишларини истайман. Жуда хурсандман, бир кун орзулар амалга ошар экан. Мен ўйиндан ўйинга кучайиб боришга ҳаракат қиламан ва бунинг учун олдинда янада кўпроқ меҳнат кутаётганини тушунаман». Бу Родригонинг ўша, уни ЕЧЛ ҳафтасининг энг яхши ўйинчисига айлантирган учрашувдан кейинги сўзлари.

Хуллас, ҳаммаси ҳозирча яхши ва жуда ажойиб фаолиятнинг ибтидосига ўхшайди.

Championat.com материали асосида Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид