Бухоро-Тошкент йўналишидаги поезд бир соатдан ортиқроқ вақт Жомбойда тўхтаб қолди
14 ноябрь оқшомида Бухоро-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган «Шарқ» поезди «Жомбой» станциясида маълум вақт тўхтаб қолди.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖдан маълум қилишларича, бунга техник носозлик сабаб бўлган.
Компания расмий хабарида электровозда кузатилган носозлик «қисқа муддатда бартараф қилингани ва поезд ўз йўналишида ҳаракатини давом эттиргани» маълум қилинган.
Бироқ йўловчилардан бири, Элёр Акбаров исмли Facebook фойдаланувчиси поезд тўхтаб турган вақтда ўз саҳифасида жонли видео улашган бўлиб, унда йўловчилар электровоз бир соатдан ортиқроқ вақтдан буён тўхтаб тургани ҳақида айтишган.
Дарҳақиқат, «Ўзтемирйўлйўловчи» билдиришида поезддаги носозлик соат 18:55да рўй бергани айтилган бўлса, Facebook фойдаланувчисининг жонли видеоси соат 20:17да бошланган, яъни бу вақтда поезд ҳали тўхтаб турган бўлган.
Kun.uz боғланган йўловчилардан бири поезд тахминан 1 соат-у 45 дақиқа тўхтаб турганини маълум қилди.
«Йўловчилардан бири самолётга чиптаси борлигини айтган эди, темирйўл ходими: «Ҳаракатингизни қилаверинг, ҳали юрмайди», деб жавоб қилди. Ходимлар бирон изоҳ бериш ўрнига, одамларни койиб берди», – дейди йўловчи.
Қўшимча қилиш жоиз, «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ маъмурияти ўз расмий хабарида ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўраган.