Ўзбекистон | 20:00 / 16.11.2019
11387
2 дақиқада ўқилади

Қарши давлат университетида Россия университети билан ҳамкорликда қўшма таълим маркази очилди

Қарши давлат университетида Россия Федерациясининг Белгород давлат университети билан ҳамкорликда қўшма таълим маркази ташкил этилди.

Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Марказнинг тантанали очилиш маросимига Белгород давлат университети ректори Олег Полухин бошчилигида университет делегацияси ташриф буюрди.

Қўшма таълим маркази 5 та ўқув ва 1 та ўқитувчилар хонасидан иборат бўлиб, аудиториялар тил ўрганиш учун барча зарур ўқув қўлланмалари: дарсликлар, электрон луғатлар, кўргазмали қуроллар, аудио ва видео материаллар мавжуд.

Ушбу таълим марказида абитуриентлар, талабалар, университет ходимлари ва аҳоли вакиллари рус тилини ўрганишлари, рус адабиёти, маданияти ва урф-одатлари билан танишишлари мумкин. Марказда педагоглар малакасини ошириш бўйича онлайн курслар ҳам олиб борилади.

ҚарДУ ректори Б.Шоимқулов россиялик ҳамкасби билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилди. Музокараларда ҳамкорликда қўшма факультет очиш, Мактабгача ва бошланғич таълим йўналишларида қўшма дастур имзолашга келишиб олишди.

Учрашув якунида Белгород давлат университети ректори, профессор Олег Полухинга Қарши давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди.

Мавзуга оид