Спорт | 19:51 / 24.11.2019
59342
2 дақиқада ўқилади

Жасур Жалолиддинов Италия клубига ўтади

Ўзбекистонлик ёш футболчи Жасур Жалолиддинов легионерга айланиши кутилмоқда.

«Бунёдкор» клуби матбуот хизмати хабар беришича, 17 ёшли Жасур Жалолиддинов Италия «B» Cерияси иштирокчиси «Беневенто» сафига ўтади.

«Ёш футболчимизнинг ҳаракатлари клуб устози, италиялик машҳур собиқ футболчи Филиппо Индзагига маъқул келган», дейилади хабарда.

«Бунёдкор» клуби тез орада ушбу яримҳимоячисининг келажаги бўйича батафсил маълумот берилишини маълум қилган.

Жалолиддинов жорий мавсумда «қалдирғочлар» клубининг асосий таркибидан ўрин олган ва Ўзбекистон чемпионатида 20та ўйинда иштирок этиб, 2та гол уришга эришган.

У Суперлиганинг 24-тури доирасида «Навбаҳор»га қарши кечган ўйинда (2:1) захирадан майдонга тушди ва ўйин якунида яна алмаштирилди.

Маълумот учун, Жасур Жалолиддинов октябрь ойида The Guardian нашри томонидан 2002 йилда туғилган энг яхши футболчилар рўйхатига (60 кишилик рўйхатдан «Барселона» яримҳимоячиси Анссумане Фати ҳам ўрин олган) киритилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид