Light | 18:00 / 28.11.2019
26817
2 дақиқада ўқилади

Девордаги Рамос, ДПС ва жуда кўп «Нексия» — «трамвайлар шаҳри» Краснодарга фотосаёҳат

Фото: KUN.UZ

Kun.uz Россия сафари давомида мамлакат жанубида жойлашган Краснодар шаҳрида ҳам бўлди. Краснодарга ярим кунга бориб келиш имкони бўлди холос. У ерда жанубий Россия дербиси бўлган «Краснодар» — «Ростов» ўйинини кўриш учун бордик. Ўйин 3 ноябрь куни ўтказилди. Бизнинг Тошкентга самолётимиз 4 ноябрь куни Ростовдан учгани боис ўйин тугаши билан ортга қайтишимиз керак эди. Шу боис бир неча соат давомида олган суратларимизни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ростовдан Краснодаргача поездда 3,5 соатда етиб бордик. Икки кишининг Ростовдан Краснодарга бориб-келиши тахминан 50 АҚШ долларига тушди. Дарвоқе, қайтишда Минскка кетаётган Белорусия поездига чиқиб кўплаб саргузаштларни бошдан ўтказишга ҳам улгурдик. Ростов ва Краснодар шаҳарлари ўртасидаги фарқ вокзалдаёқ билинишини айтиш мумкин. Ростовдаги вокзал жуда чиройли ва қулай, аммо Краснодар вокзали ҳақида бундай деб бўлмайди. Балки Краснодарда жаҳон чемпионати ўйинлари ўтказилмагани бунга сабабдир.

Краснодарга етиб бориш билан эътиборни тортадиган нарса у ердаги трамвайлар бўлди. Бежизга Краснодарни «трамвайлар шаҳри» деб атамадик. Чиндан бу шаҳарда трамвай жуда кўп. Уларнинг кўпи эски моделдаги вагонлар экани кишида ўтмишга тушиб қолгандек таассурот уйғотади. Трамвай юрадиган кўчаларга тош териб чиқилгани уларни янада экзотик қилиб кўрсатади.

Краснодарда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар жуда кўплигини кўрдик. Айниқса «Нексия». Турган гапки бу шаҳарда ўзбекистонликлар ҳам кўп. «Краснодар» стадионига яқинлашган сари шаҳар ҳам замонавийлашиб, гўзаллашиб борди. Стадион эса шаҳарнинг энг кўркам биноси десак, хато бўлмайди. Колизейни эслатиб юборадиган бу стадион ҳақида махсус репортаж қилган бўлсак-да, унинг чиройли эканини яна бир бор такрорласак, зарар қилмас.

Краснодардан тайёрланган галереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар.

Мавзуга оид