Ўзбекистон | 13:36 / 07.12.2019
15603
5 дақиқада ўқилади

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ва Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар киритилди

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 18 октябрь куни қабул қилинган ва Сенат томонидан жорий йил 30 ноябрь куни маъқулланган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни президент томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Комила Кавлонованинг ёзишича, Қонун болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Қонун билан суд иши юритуви ва суд текширувининг барча босқичларида вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, вояга етмаганлар, соқовлар, карлар, кўрлар ва ўзининг жисмоний нуқсонлари ёки руҳий бузилишлари туфайли ҳимояланиш учун ҳуқуқлардан фойдаланишда қийинчилик ҳис қилаётган бошқа шахслар, суд иши олиб борилаётган тилни билмайдиган шахслар, умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларнинг апелляция, кассация ва назорат инстанциялари судида кўриб чиқиладиган ишлари бўйича ҳимоячини рад этишга йўл қўймайди.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексда қуйидагилар ҳам назарда тутилган:

вояга етмаганнинг истаги бўйича унинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахснинг қонуний вакил сифатида иштирок этиш имконияти;

вояга етмаган шахс қонуний вакилининг ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган процессуал ҳаракатларда иштирок этиши;

вояга етмаган гувоҳнинг ёки жабрланувчининг розилиги билан унинг қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки жабрланувчи вакили иштирокида сўров ўтказиш;

мураккаб тиббий текширув усулларидан, шунингдек кучли оғриқ бериш билан боғлиқ усуллардан мажбурий фойдаланишга фақат экспертиза ўтказилаётган шахснинг розилиги билан, агар ушбу шахс вояга етмаган ёки унинг руҳий ҳолати бузилган бўлса, унинг қонуний вакилининг, васийсининг ёки ҳомийсининг розилиги билан йўл қўйилиши;

кучли оғриқни қўзғатувчи мураккаб тиббий тартиб-таомиллар ёки усулларни қўллашга фақат шахснинг розилиги билан йўл қўйилади, ундан намуналар олинган бўлиши керак, агар у вояга етмаган бўлса ёки руҳий касалликка чалинган бўлса, унинг қонуний вакили, васийи ёки ҳомийсининг розилиги билан йўл қўйилиши;

суд мажлиси залидан вояга етмаган гувоҳни унинг сўроқ қилиниши якунланиши билан чиқариб юбориш зарурати, бундан суд унинг залда бўлиши керак деган ҳоллар мустасно;

вояга етмаганга айблов қўйилганда, суриштирув, текширув якунланганлиги эълон қилинганда ва унга иш материаллари тақдим этилганда унинг қонуний вакили албатта бўлиши;

вояга етмаган гумон қилинувчини ва айбланувчини сўроқ қилиш ҳимоячи, қонуний вакил иштирокида амалга оширилиши.

Шунингдек, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, давлат болани эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан ҳимоя қилинишини амалга оширади, шунингдек уларнинг содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этади.

Бундан ташқари, Қонун жиноят жараёни иштирокчиси бўлган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини белгиловчи норма билан тўлдирилди. Жумладан, болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар беришга ёки айбини тан олишга мажбурлаш, судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида болаларга нисбатан улар қонуний вакилларининг иштирокисиз амалга ошириладиган процессуал ҳаракатларни бажариш тақиқланади. Шунингдек, вояга етмаган шахснинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар бўйича судга қадар иш юритишнинг ва суд муҳокамасининг барча босқичларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги назарда тутилган.

Мавзуга оид