Ўзбекистон | 20:12 / 13.12.2019
16697
2 дақиқада ўқилади

МСК раиси ўринбосари: «Ўқитувчининг сайлов участкасини жиҳозлаши – ноқонуний ҳолат»  

Фото: Халқаро пресс-клуб

13 декабрь куни Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов ва бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Светлана Ортиқова журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди.  

Анжуманда қатнашган Kun.uz мухбири муҳокама мавзусидан келиб чиққан ҳолда, жойларда сайлов участкаларининг аксарияти умумий ўрта таълим мактабларида жойлашгани ва сайлов участкаларини жиҳозлаш ҳам ўша мактаб ўқитувчилари зиммасига тушаётгани, бу ҳолат қонунчиликка қанчалик мос эканлиги борасида савол берди.

«Ҳақиқатда биздаги 75 фоиз сайлов участкалари мактабларда жойлашган. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги тажриба. Шунингдек, мактабларнинг инфраструктураси ҳам сайловларни ўтказиш учун жуда мос. 

Биз аввалги сайловлардан фарқли, бу галги сайловда барча участкаларни керагидан ортиқ жиҳозлашни таъминлай олдик.

Агар қаердадир сайлов участкаларини жиҳозлаш ўқитувчилар зиммасига тушаётган бўлса, бу ноқонуний ҳолат. Биз бундай ҳолатни аниқласак, албатта тегишли чоралар кўрамиз. Чунки бунга эхтиёж йўқ, биз айтганимдек, барча участкаларни жиҳозлар билан таъминлаб қўйганмиз», дея Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид