Спорт | 12:00 / 16.12.2019
22257
11 дақиқада ўқилади

Роналдуга «Реал», Клоппга — «Боруссия» тушиши мумкин. Бугун еврокубокларда қуръа

16 декабрь куни Чемпионлар лигасида 1/8 финал, Европа Лигасида эса 1/16 финал жуфтликлари аниқланади.

Чемпионлар лигаси

ЕЧЛ 1/8 финал босқичи учун қуръа ташлаш маросими Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланади. Қуръадан аввал плей-офф иштирокчилари иккита саватчага ажратилган: биринчисида гуруҳ ғолиблари, бошқасида — гуруҳларда иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар жойлашган.

Шу тариқа, биринчи саватчада «ПСЖ», «Бавария», «Манчестер Сити», «Ювентус», «Ливерпуль», «Барселона», «Лейпциг» ва «Валенсия» ўрин олган. Бу жамоалар 1/8 финалда бир-бирларига рақиб бўлмасликлари аниқ.

Яъни, масалан, Лионель Месси бу босқичда Криштиану Роналдуга қарши ёки Пеп Гвардиола — собиқ жамоалари «Бавария» ва «Барселона»га қарши ўйнамайди.

Иккинчи саватчада «Реал», «Тоттенҳэм», «Аталанта», «Наполи», «Боруссия» Д, «Лион», «Челси» ва «Атлетико» бўлади.

Қуръа натижаларига кўра 8 жамоа ҳосил бўлади. Турнир тарихида илк марта плей-оффга фақат кучли бешлик чемпионатлари вакиллари йўл олишган: АПЛ ва Ла Лигадан 4тадан, А Серия ва Бундеслигадан 3тадан, Франция чемпионатидан 2та жамоа.

Анъанага кўра, битта гуруҳдан чиққан жамоалар бу босқичда ҳам ўзаро рақиб бўлмаслиги кафолатланади, шунингдек битта чемпионат вакиллари бу босқичда ўзаро тўқнашмайди. Гуруҳ ғолиблари биринчи ўйинни сафарда ўтказишади.

Қуйида қуръа тақдим этиши мумкин бўлган сюжетларни кўриб чиқамиз:

«Боруссия»нинг собиқ мураббий билан учрашуви

Фото: © Elmar Kremser / SVEN SIMON / Global Look Press

Сўнгги 10 йилликда Дортмунд немис мураббийлари учун ўзига хос трамплинга айланди. Бу ерда 7 йил ишлаган Юрген Клопп «Ливерпуль» билан Чемпионлар лигасида ғолиб бўлди, ҳозир эса Премьер-Лига ғолиблиги учун курашмоқда. Томас Тухель Дортмундда икки йил ўтказди ва каттароқ ютуқларга эришиш учун «ПСЖ»га «учирма» бўлди. Энди эса икки клуб ҳам нимчорак финалда «Боруссия»га рақиб бўлиши мумкин. Мухлисларни катта эҳтимол билан ностальгияга бой учрашувлар кутмоқда.

Криштиану «Сантяго Бернабеу»га, Зидан эса Туринга қайтиши мумкин

Фото: © Maria Jose Segovia / ZUMA Press / Global Look Press

Ўтган мавсумда ҳам Роналду Мадридга қайтган, аммо ўшанда «Ювентус» «Атлетико»га қарши ўйнаганди. Унинг «Бернабеу»га қайтиши 1/8 финалнинг асосий воқеасига айланиши мумкин. Миш-мишларга кўра, португалиялик форвард Италияга келганидан афсусда, у «Реал»да қолганида яна бир «Олтин тўп» совринини қўлга киритган бўлиши ҳақида ўйламоқда. «Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан учун ҳам Туринга ҳар қандай сафар ёқимли хотираларни ёдга солиши тайин - у айнан «Ювентус»да жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бирига айланганди.

Чемпионлар лигасининг классик афишаси

Фото: © Jan Huebner / Ulrich / imago sportfotodienst / Global Look Press

Европа футболини 90-йиллардан кузата бошлаган авлод учун «Бавария»нинг «Реал» билан қарама-қаршилиги - Чемпионлар лигасининг ҳақиқий классикасидир. Агар 1999/00 йилги мавсумдан ҳисобланса бу жамоалар турнирнинг плей-офф босқичида жами 9 мавсумда рўбару келишган ва шундан 5 мартаси ярим финал босқичига тўғри келади. Бу қарама-қаршиликда умумий ҳисоб «Реал» фойдасига 6:3, лекин ҳар бир ғалабага испанлар катта қийинчилик билан эришган, ёки бир тўп устунлиги, ёки пенальтилар серияси.

Яна бир ёрқин афиша - «Барса»нинг яна бир бор «Челси»га қарши ўйнаши мумкинлигидир. 2004/05 йилги мавсумда Франк Райкард ва Жозе Моуриньо бошқарувидаги жамоалар ички чемпионатларда яққол етакчилик қилганида ўзаро тўқнашганди. Ўшандан бери жамоаларнинг йўли Чемпионлар лигасида яна 6 марта ўзаро кесишди ва ҳар бир учрашув эҳтиросларга бой ўтган. 10 йил муқаддам Эвребе ҳакамлик қилган ўйин эса ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайди.

Дебютант жамоа чорак финалга чиқиши мумкин

Диего Демме / Фото: © REUTERS / Anton Vaganov

«Лейпциг» ўз тарихида иккинчи марта ЕЧЛда иштирок этмоқда, «Аталанта» учун жорий турнир тарихдаги биринчисидир. Икки жамоа ҳам барчани ҳайратлантирган ҳолда гуруҳдан чиқишди. Немислар тенг кучли деб қаралган гуруҳда тенгсиз бўлди ва илк марта плей-оффга чиқди, итальянлар эса дастлабки учта турда ютқазиб, тўртинчисида дуранг ўйнаб ҳам плей-оффга чиқа олди. Агар бу жамоалар нимчорак финалда ўзаро рақиб бўлса, чорак финалда кутилмаган дебютант пайдо бўлиши мумкин.

Моуриньо яна «Барселона»га қарши туриши мумкин

Фото: © imago sportfotodienst / Global Look Press

«Реал» мухлислари энг ёмон кўрган мураббий ким. Рафаэль Бенитесдан ташқари. Улар Пеп Гвардиола номини айтишади. Ўз навбатида «Барселона» мухлислари бу ўринда класикони футболдаги аралаш жанг санъатларига айлантириб юборган Жозе Моуриньони ёдга олишади.

Пеп ва Жозе анчадан буён Испанияда эмас. Аммо улар Испанияга қайтиши ва ўзларидан нафратланадиган мухлислар қаршисида туриши ҳам мумкин.

«Реал» эҳтимоллар назариясига қарши

Зинедин Зидан / Фото: © Mutsu Kawamori / AFLO / Global Look Press

Мадрид суперклуби гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, сараланмаганлар саватчасига тушиши - қуръанинг қўшимча интригасидир. Эндиликда ёзги трансферларга рекорд даражада маблағ сарфлаган Флорентино Перес жамоаси 83 фоиз эҳтимол билан кучли рақибга қарши - «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Ювентус» ёки «Бавария»га тушиши мумкин. Фақат 17 фоизлик эҳтимол билан клубга нисбатан кучсиз бўлган «Лейпциг» рўбару келади. Одатда «Реал»га нимчорак финалда «Шальке», «Рома» ва ЦСКА каби оддий рақиблар дуч келишарди. Бу сафар қандай бўларкин? 

Тахминий қуръа:
«Ювентус» — «Реал Мадрид»

  • Роналду «Реал»га қарши
  • Зиданнинг Туринга қайтиши
  • Чемпионлар лигаси–2016/17 мавсум ремейки

Имкониятлар: «Ювентус» — 60%, «Реал» — 40%

«Барселона» — «Челси»

  • Еврокубоклар классикаси
  • Месси «Челси»га 8 ўйинда гол уролмаган
  • «Барса» учун ЕЧЛдаги камбеклар қўрқинчли туш, лондонликлар эса кўп марта камбек қилган

Имкониятлар: «Барселона» — 70%, «Челси» — 30%

«Лейпциг» — «Аталанта»

  • Евромавсумнинг кашфиёт жамоалари
  • Топ-рақибларга қарши ўйинларга яна бир тайёргарлик
  • муросасиз ва ҳужумкор ўйинлар

Имкониятлар: «Лейпциг» — 60%, «Аталанта» — 40%

«Манчестер Сити» — «Атлетико»

  • Пеп Симеонега қарши
  • «Атлетико» мухлисларининг Агуэро билан учрашуви
  • Ўйин услубига кўра буткул қарама-қарши икки жамоа

Имкониятлар: «Манчестер Сити» — 55%, «Атлетико» — 45%

«Ливерпуль» — «Боруссия»

  • Клопп собиқ жамоасига қарши
  • Икки томондан ҳам юқори тезликдаги ўйин
  • «Боруссия»га рақиб ким бўлишининг фарқи йўқ

Имкониятлар: «Ливерпуль» — 70%, «Боруссия» — 30%

«ПСЖ» — «Тоттенҳэм»

  • Моуриньога газеталарнинг биринчи саҳифасига чиқиш учун топ-рақиб керак
  • «ПСЖ» қаторасига тўртинчи мавсумда 1/8 финалдан чиқиб кетишга ҳақли эмас
  • «Тоттенҳэм» андердог-жамоа сифатида хавфли

Имкониятлар: «ПСЖ» — 60%, «Тоттенхэм» — 40%

«Валенсия» — «Лион»

  • Тенг кучли жамоалар
  • Икки жамоа ҳам мавсум ўртасида мураббий ўзгартирди
  • «Валенсия» ичида француз десанти

Имкониятлар: «Валенсия» — 50%, «Лион» — 50%

«Бавария» — «Наполи»

  • Икки жамоа ҳам ички чемпионатларда муаммоларга учраган
  • Икки жамоа ҳам мавсум ўртасида мураббий ўзгартирди
  • «Бавария»нинг тўпга эгалик қилишга асосланган услубига қарши«Наполи»нинг қарши ҳужумлари

Имкониятлар: «Бавария» — 65%, «Наполи» — 35%

1/8 финал учрашувлари қуйидаги саналарга белгиланган:
Биринчи ўйинлар — 18, 19, 25 ва 26 февраль,
Жавоб ўйинлари — 10, 11, 17 ва 18 март.

Европа Лигаси

Соат 17:00да Европа Лигасининг 1/16 финали учун қуръа ташлаш маросими бошланади. Қуръадан олдин жамоалар икки гуруҳга ажратилади. Биринчисида 12та гуруҳ ғолиблари ва Чемпионлар лигасида учинчи ўринни эгаллаб келган 8 жамоадан натижаси нисбатан яхшироқ бўлган 4таси, иккинчи гуруҳда эса — гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар ва ЕЧЛдан тушган яна 4 жамоа ўрин олади.

Биринчи саватчадан «Аякс», «Арсенал», «Базель», «Бенфика», «Брага», «Гент», «Зальцбург», «Интер», «Истанбул ББ», ЛАСК, «Мальме», «Манчестер Юнайтед», «Порту», «Севилья», «Селтик», «Эспаньол» каби жамоалар ўрин олади.

Иккинчи саватчада «Айнтрахт» Ф, АПОЭЛ, АЗ, «Байер», «Брюгге», «Вольфсбург», «Вулверҳэмптон», «Копенҳаген», «Лудогорец», «Олимпиакос» П, «Рейнжерс», «Рома», «Спортинг», «Хетафе», ЧФР ва «Шахтёр» клублари жойлашади.

Қуръа натижасида 16 жуфтлик ҳосил бўлади. Битта гуруҳдан чиққан жамоалар бир-бирларига рақиб бўлмайди, шунингдек бу босқичда битта мамлакатнинг икки жамоаси ўзаро тўқнашмайди. Биринчи саватчада жойлашган жамоалар биринчи ўйинни сафарда ўтказади.

1/16 финал учрашувлари қуйидаги саналарга белгиланган:
Биринчи ўйинлар — 20 февраль,
Жавоб ўйинлари — 27 февраль.

Истисно тариқасида «Брага» жавоб ўйинини 26 февраль куни ўтказади.

Мавзуга оид