Жамият | 15:14 / 16.12.2019
55857
11 дақиқада ўқилади

Турли текширувчилар учун одамлар «соғин сигир»ми? Ургутдаги уч воқеа

Йил якунланиб декабрь ойи кириб келаверса қишлоқларга «чўнтаги бўшаган меҳмон»ларнинг ташрифи кўпаяди. Бири электр ускуналари ва электр ҳисоблагични «текширгиси» келади. Иккинчиси қандайдир суғурта компаниясидан, яна бири аллақайси корхонадан.

Буёқда ҳали мўри текширадиганлар навбат кутяпти: бугун-эрта келиб қолса ажабланмайман. Кошки ўша корхоналарнинг ходимлари қишлоқларда ўз вазифасини виждонан бажарса эди. Аммо Ургутда бундай бўлмаяпти.

Биринчи воқеа

Яқинда маҳалла идорасига иш билан кирсам, ортимдан «биз «Агросуғурта» компанияси Ургут туман бўлимиданмиз, маҳаллага уй-жой ва чорва молларини суғурта қилишга келдик», деб икки қиз ва бир йигит кириб келди.

Маҳалла раиси уларга рухсатнома ёзиб бериши керак экан. Шунда маҳалламиз раиси ҳам, мен ҳам уларга «аҳолини чалғитиб, бу суғуртани мажбурий демаслик кераклиги, тўғри тарғибот қилинса ҳам аҳоли орасида ўз уй-жойини, чорва молларини ихтиёрий суғурта қиладиганлар албатта чиқиши»ни айтдик.

Улар «хўп», дея маҳалла оралаб кетишди. Ўша куни улар қандай ишлашди, аҳолига нима дейишди хабарим бўлмади. Аммо орадан икки кун ўтиб Самарқандда семинар бошланаётган чоғда уйдан отам қўнғироқ қилиб қолди.

«Қандайдир суғурта компаниясиданмиз, деб икки қиз, бир йигит келди. Уй-жой ва чорва молларини ихтиёрий-мажбурий суғурта қилишар экан», деди отам.

Тахмин қилдим, икки кун олдин маҳалла идорасида кўрганим йигит-қизлар ота ҳовлимизга боришган. Шундан сўнг отамга «телефонни беринг-чи», деб ўша суғурта агенти бўлган бола билан гаплашдим. Табиийки, у икки кун илгари ўзи билан гаплашган одам эканимдан бехабар.

– Ука, уй-жой ва чорва молларини мажбурий-ихтиёрий суғурта қилишни бир тушунтиринг-чи, нимаси мажбурий, нимаси ихтиёрий?

– Бизда энг арзон суғурта 40 минг сўм, қиммати миллионгача кетаверади. Буни танлаш ихтиёрий. Суғурта қилиш эса мажбурий.

– Хўп, нима асосга кўра уй-жой ва чорва молларини суғурта қилиш мажбурий?

– Бу ҳақда президентнинг фармони, Вазирлар Маҳкамаси қарори бор.

– Қўлингизда ўша фармон ва қарорнинг нусхаси борми?

– Бор.

– Қани ўшандан «мажбурий» деган жойини ўқиб беринг-чи.

Шу пайт агент қўлидаги, ўзим икки кун олдин кўрган Ургут туман «Маҳалла» жамғармаси раисининг маҳалламиз раиси номига ёзган «Суғурта бозорини ривожлантириш ҳақидаги президентнинг фалон фармони, Вазирлар Маҳкамасининг фалон қарорига кўра…» деб бошланган ва охирида «амалий ёрдам кўрсатинг», деган мазмунда ёзилган хатини ўқиб берди.

– Ука, фармон ва қарор билан таништирганингиз учун раҳмат. Аммо сиз ҳозир ўқиб берган матнда мажбурий деган сўз йўқ-ку, сиз уни қаердан оляпсиз?

– Президент фармонида, Вазирлар Маҳкамаси қарорида мажбурий деб ёзилмайди. Фармон ва қарор чиққанидан сўнг уни бажариш мажбурий-ку?!

Унинг охирги гапидаги мантиқни эшитиб хаёлимдан «буларни ким бундай тарбиялаган?» деган фикр ўтди. Шундан сўнг ўша йигитга ўз манфаати йўлида (у ишлаб борган пулидан фоиз олади) одамларга президент фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорини нотўғри талқин қилиб, халқда ўша фармон ва қарорларга нисбатан ишончсизлик уйғотмасликни сўрадим ва алоқани уздим.

Шундан сўнг вазиятни билдириб қўйиш ва жойлардаги бўлимларни қаттиқроқ назорат қилишни сўраш учун «Ўзагросуғурта» компаниясининг Тошкентдаги бош офисига қўнғироқ қилиб ҳолат ҳақида хабар бердим.

Минг таассуф бўлсинки, мен исм-шарифини сўрашни унутган ходима гапларимни эшитгач, «Раҳмат, суриштирув ўтказамиз, айбдорларга қонун доирасида чора кўрамиз», дейиш ўрнига «Бизнинг жойлардаги ходимлар билан бундай ҳодисалар бўлмайди», деб ўзимни бир онда ёлғончига чиқарди.

Унга гапириш бефойдалигини билиб алоқани уздим ва «Ўзагросуғурта»нинг Самарқанд вилояти бўлими билан боғланиб, улардан Ургут туман бўлими ҳисобчисининг телефон рақамини олиб, қўнғироқ қилдим ва вазият ҳақида хабар бердим. «Ўзагросуғурта» компаниясининг Ургут туман бўлими ўша ходимларга чора кўрдими йўқми, билмайман.

Энг қизиғи, ўша куни кечки пайт маҳалламиз раисига учрашиб ҳолат ҳақида гапирсам, у «ўша суғуртачилар қайси хонадонга кирган бўлса, аксариятидан менга ҳам «суғуртачилар келиб мажбурий деяпти, уй-жой ва чорва молларининг суғуртаси мажбурий бўлдими?» деб сўраб қўнғироқ қилишди. Ҳаммасига «уй-жой ва чорва моллари суғуртаси мажбурий эмас, хоҳласанг суғурта қилдир, хоҳламасанг қилдирма», деб айтдим. Эртага бу масалани ҳокимиятга маълум қиламан», деди.

Кўряпмиз, бир пайтлар ишчиларининг маошига пул топа олмай юрган суғурта компаниялари бугун анча ривожланди. Ҳатто жаҳондаги таниқли суғурта компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида битим имзолашяпти. Аммо, қаерлардадир марказий идорасининг эътиборсизлиги ортидан қуйи ташкилотлардаги ходимлар қишлоқ жойларида юқорида тафсилотини ёзганимдай одамларни алдаб, «уй-жой ва чорва молларини суғурта қилиш мажбурий» деб, суғурта бозорини ривожлантириш ҳақидаги президент фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бошқача талқин қилиб, халқда ишончсизлик кайфияти уйғонишига сабаб бўлишмоқда.

Бу ерда мен ўз маҳалламда содир бўлган биргина ҳолатни ёздим. Аммо, ўша ходимлар ҳали бутун туманимизни кезиб чиқишади ва агар ҳозир уларга чора кўрилмаса бутун туман аҳолисини алдаб, одамларда сўнгги йилларда мамлакатимиз равнақи учун олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан акс кайфият уйғотишади.

«Ўзагросуғурта» АЖ расмий сайтидаги ушбу суғурта турига бағишланган мақолада ҳам «Жисмоний шахслар (фуқаролар) билан ихтиёрий тузиладиган суғурта шартномаси уларнинг мурожаатига кўра суғурта мукофоти тўлангандан сўнг суғурта полиси бериш йўли билан расмийлаштирилади», деб белгилаб қўйилибди (ҳарфларни қорайтириб ажратиб кўрсатиш — ўзлариники).

Ўйлайманки, «Ўзагросуғурта» компанияси юқорида келтирилган ҳодиса юзасидан чора кўради. Агар бу иш тафтиши учун лозим топишса, менда қўнғироқларнинг аудиоёзувлари мавжуд.

Иккинчи воқеа

Ургут туманидан яна бир мурожаат бўлди. Идораси Самарқанд шаҳрида жойлашган, аҳоли уй-жойларида электр тармоқлари ва монтаж ишлари бўйича ихтиёрий кўрик ўтказиб, хизмат кўрсатиши лозим бўлган «Электр тармоқлари ва монтаж» МЧЖ ходимлари ҳар йил ноябрь-декабрь ойларида Ургут туманидаги маҳаллаларда аҳоли хонадонларига кириб «Биз электр тармоқлари корхонасиданмиз, хонадонингиздаги электр ҳисоблагични текширгани келдик», деб, ўзи шундоқ ҳам кўчаларга чиқарилган электр ҳисоблагичларга бирров қараб қўйиб, 12 минг сўм мажбурий тўлов ундирмоқда.

Айни масалада ўтган 2018 йилда ҳам Ургут туманидаги бир нечта маҳалладан мурожаат бўлган ва ўшанда ўша корхона раҳбари билан боғланганмиз, улар ходимларни назорат қилишларини, бундан сўнг аҳоли орасида тўғри тушунтириш ишлари олиб борилишини маълум қилган эди.

Орадан бир йил ўтиб маълум бўляптики, бу корхона раҳбарияти ўтган йилги ишлардан етарли хулоса чиқармаган ва бу йил ҳам корхона ходимлари Ургут туманидаги турли маҳаллаларда одамларга ўз хизматлари ихтиёрий эканлигини тушунтирмай, «мажбурий» деб пул йиғиб кетмоқда.

Бу корхона аслида маҳаллаларда юриб, аҳолига ўз хизматини таклиф этиши, хонадон эгалари рози бўлса сўнг ўша хонадондаги электр жиҳозлар ва ҳисоблагичларни кўрикдан ўтказиши, носоз ўрнатилганини созлаб бериши, сўнг бажарган ишига хизмат ҳақи олиши керак.

Аммо аҳоли вакилларининг бизга билдиришича, булар хонадонларга бориб «Биз Самарқанд шаҳридаги «Электр корхоналари» идорасиданмиз, ҳисоблагични назоратдан ўтказгани келдик», деб, кўчада турган ҳисоблагичга бирров қараб, «12 минг сўм тўлов қиласиз» деб квитанция ёзиб бериб, пул олмоқда.

Шунингдек, «менинг ҳисоблагичимни текширишга ҳожат йўқ, ҳар доим МИБ тўлов ундиргани келганида текширади», деганларга бу МЧЖ ходимлари «Йўқ, биз ҳам кўришимиз керак, бу мажбурий», деб барибир тўлов ундиряпти.

Биз айни масалада изоҳ олиш учун квитанцияда кўрсатилган рақамга бир неча бор қўнғироқ қилдик, аммо ҳеч ким жавоб бермади.

«Самарқанд ҲЭТК» матбуот хизматига боғланганимизда «Электр тармоқлари ва монтаж» МЧЖнинг бу ташкилотга мутлақо дахли йўқлиги маълум қилинди.

Аслида, бу 12 минг сўм ёки суғуртачилар мажбурий деб олаётган 40 минг сўм унча катта сумма эмас. Аммо қишлоқ жойларда ана шу арзимаган пулни топа олмаётган хонадонлар ҳам етарлича. Қолаверса, гап ўша пулни топа олиш-олмасликда ҳам эмас, балки ихтиёрий хизмат турларини қишлоқларга келиб одамларга «мажбурий» деб муттаҳамлик қилишда бўляпти.

Учинчи воқеа

Ҳаммамизга маълум айни кунларда жойларда жадаллик билан янги электр ҳисоблагичлар ўрнатиляпти. Шу жумладан, Ургут туманидаги хонадонларга ҳам. Бу ишга туман электр тармоқлари корхонаси ишчиларининг имконияти етмагани учун жойларда қўшимча ишчилар ёллашга тўғри келяпти. Ёлланган ишчилар орасида эса турли хиллари учрамоқда.

Сўнгги пайтларда электр ҳисоблагичларни ўрнатиб юрган ўша ёлланма ишчилар орасида ўрнатилган ҳисоблагичлар учун аҳолидан 15-20 минг сўм «хизмат ҳақи» олгани етмагандай, аҳоли хонадонларидаги эски ҳисоблагичлардан «айб» топиб, «акт тузаман», деб қўрқитиб, сўнг аҳолидан «акт» ёзмаслик эвазига 50-100 минг сўм пул олаётганлар ҳам учрамоқда.

Айни масалада Ургут туман ЭТК раҳбари «Ҳисоблагич алмаштираётган ёлланма ишчиларнинг ҳисоблагичларни текшириши, «акт тузаман» дейиши мутлақо мумкин эмаслиги, улар эски ҳисоблагични ечиб олиб, янгисини ўрнатиши ва эски ҳисоблагичларни тартиб бўйича туман ЭТКга олиб келиб топшириши кераклиги»ни айтди.

ЭТК раҳбарининг қўшимча қилишича, ёлланма ишчилар ҳисоблагичларни алмаштирганда аҳолидан хизмат ҳақи олиши ҳам мумкин эмас.

«Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидай айрим ишчилар ҳар қанча тушунтириш ишлари олиб борилса ҳам ўз нафсини тия олмаяпти ва раҳбарият ундай ходимлар ҳақида хабар берилиши биланоқ улар билан шартномани бекор қиляпти», дейди у.

Юқорида келтирилган уч ҳолат ҳам Ургут туманида бўляпти. Аммо, худди шунга ўхшаш воқеалар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам рўй бераётган бўлиши мумкин. Шунинг учун мутасадди ташкилотлардан бундай ноқонуний ишларга эътиборлироқ бўлишни сўраймиз.

Ғайрат ЙЎЛДОШ,

блогер

Мавзуга оид