Ўзбекистон | 17:09 / 18.12.2019
77054
2 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги метро аварияси: Бир неча ишчининг тақдири номаълумлигича қолмоқда

Авария оқибатида камида 5-6 киши тупроқ остида қолиб кетган. Айни вақтда уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган ер ўпирилишидан кейин бир неча киши бедарак кетган.

Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбири ишчилардан биридан олган маълумотга кўра, у ўз укасини топа олмаяпти. Унга укаси ва яна бир неча ишчи тупроқ остида чиқариб олингани, жабрланганлар шифохонага олиб кетилгани ҳақида айтишган. У тез орада яқинлари билан учрашишга умид қилмоқда.

«Мен ҳозир у қаердалигини билмайман. Шифохонага олиб кетилди дейишди. Бориб биламиз», деган у.

Шу билан биргаликда, Kun.uz’нинг Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасига кўра, авария содир бўлган вақтдан буён тез ёрдам машиналарида бирор киши шифохонага олиб борилмаган.

Бир неча соат олдин ҳодиса талафотларини ўрганишга киришган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирча ҳодиса бўйича батафсил маълумот тақдим этмади.

Kun.uz мухбирларининг воқеа жойида қўшимча маълумот олишга бўлган уринишлари бесамар бўлмоқда.

ОАВда авария оқибатида камида икки киши ҳалок бўлгани тахмин қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Мавзуга оид