Ўзбекистон | 12:05 / 19.12.2019
54630
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Фарғона вилояти ҳокимига мансублиги айтилган аудиоёзув ўрганилмоқда

Бош прокуратура Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга мансублиги айтилган таҳдидли аудиоёзувни ўрганмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда 14 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзув юзасидан баёнот берди.

«Бош прокуратура томонидан Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда 2019 йил 14 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. 

Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади», дейилади хабарда. 

14 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб айтилаётган аудиоматериал тарқалди. Аудиода овоз эгаси газ таъминотидаги муаммолардан норози бир гуруҳ аҳоли вакиллари ноябрь ойи охирида Қува туманидаги автомобиль йўлларидан бирини тўсиб қўйгани ҳақида гапиради ва ушбу туман ҳокими Равшан Қурбоновдан бу воқеаларни видеога олган шахснинг «жанозаси қачон ўқилиши»ни сўрайди.

«Чора кўриш эмас бу, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни», дейди овоз эгаси бу борада чора кўрилганини айтган туман ҳокимининг жавобидан қониқмай.

Маълум бўлишича, бу ҳодиса Ғаниев 2 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишида бўлиб ўтган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати бу аудиони сохта ва «пранкер» (овоз ўхшатувчи)лар томонидан тайёрланган, дея муносабат билдирди.

«2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Ш.Ғаниев томонидан айтилмаган. Ш.Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган», – дейилган ҳокимлик билдиришида.

Кейинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев прокуратурадан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ навбатдаги шов-шувли ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

18 декабрь куни бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ вазиятга муносабат билдириб, «қонунни бузган шахс ким бўлишидан қатъи назар қонун олдида жавоб бериши керак»лигини таъкидлади.

Бироз аввалроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Бош прокуратура Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бўйича суриштирув бошлагани ҳақида маълумот берганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг сентябрь ойида Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилоятида аёлларнинг рўмол ўрашига қарши кампания эълон қилгани акс этган аудио тарқалгач, ҳоким Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида узр сўраган, унга қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилган эди. 

Мавзуга оид