Ўзбекистон | 23:45 / 21.12.2019
6626
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистондаги ўзгаришлар қўшни мамлакатлар учун ҳам муҳим» – Халқаро кузатувчи

22 декабр куни вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш учун Буюк Британия парламенти вакиллари Жон Гроган ва Жон Десмонд Вейверли Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Жон Гроганнинг маълум қилишича, у Марказий сайлов комиссияси маъмурияти билан учрашган. Сайловга тайёргарлик жараёнларини юқори баҳолайди.  

Учрашувдан кейин журналистларга берган интервьюсида Жон Гроган сайлов жараёнининг аҳамияти ҳақида ўз фикрини билдирди. 

«Мамлакат демократия томон ўзгача қадам ташлаяпти. Янги парламент ва Сенат беш йил аввалгидагига қараганда кўпроқ кучга эга бўлади. Умид қиламанки, янги парламент аъзолари – депутатлар янги тайинланадиган вазирлар ёки амалдорларга сиёсий жиҳатдан жуда муҳим саволлар билан мурожаат қилишади. Бу ўз навбатида давлат сиёсати ва унинг келажагига ижобий таъсир кўрсатади. Уларнинг ана шу имкониятдан фойдаланишларига умид қиламан», дея қайд этди Жон Гроган.

Унинг фикрига кўра,Ўзбекистон аҳолиси сўнгги уч йилда амалга оширилган ўзгаришлардан фахрланишлари мумкин.

“Ўзбекистондаги ўзгаришлар жараёни ана шу тезликда сақланиб қолиши керак. Блогер, журналист ва оммавий ахборот воситалари сиёсатчиларга муҳим саволларни бериб, улардан ҳисоб сўраши керак.

Охир-оқибат, Ўзбекистон минтақанинг маркази бўлгани учун мазкур ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг ўзи учун, балки унинг қўшнилари учун ҳам муҳимдир.Қўшни мамлакат фуқаролари ҳам худди шундай ўзгаришларга умид билан қарашяпти”, деди Жон Гроган.

Мавзуга оид