Ўзбекистон | 16:10 / 22.12.2019
7582
4 дақиқада ўқилади

«Бундай муҳим жараёнда сайловчиларнинг иштиёқи юқори бўлиши керак» – ЕХҲТ махсус координатори

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида вакиллик органларига сайловлар давом этмоқда. Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги 883-сайлов участкасида бўлиб, жараён кузатувчиси сифатида қатнашаётган халқаро ташкилотлар вакилларининг фикри билан қизиқди.

«Ўзбекистон сайлов тизимини ривожлантириш учун жиддий ҳаракат қилмоқда. Бироқ тўлиқ жараённи баҳолашга ҳали эрта. ЕХҲТ Парламент ассамблеясидан келган кузатувчилар ҳам 50дан ортиқ ва улар бугун кечки пайт ўз хулосаларини беришади. Эртага эса барча хулосалар умумийлашади», – дейди Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Парламент ассамблеяси миссияси раҳбари Кари Ҳенриксен.

Кузатувчи, шунингдек, партиялар ўтказган дебатлар ва уларда сиёсий лидерлар томонидан айрим фикрларни изоҳлашда тушунмовчилик ҳолатлари юзага келгани борасида ҳам фикрларини билдирди.

«Ҳар қанақа мамлакатда ҳам партиялар томонидан муносабат билдиришда, муаммоларни ўрганишда хатолар бўлиб туриши мумкин. Бироқ энг муҳими –  бутун бошли тизимнинг тўғри ишлаётгани.

Шунингдек, хатоликнинг ўзи одамлар учун аниқлиги, жамият уни пайқай бошлагани ва бундай ҳолатларда тақиқларнинг ҳамма учун бирдай ишлаши  ҳам тўлиқ демократияни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, ҳар бир жараёндан одамларнинг хабардор бўлгани», – дейди Кари Ҳенриксон.

Унинг сўзларига, айрим сайловчиларнинг овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланмаслиги – табиий ҳол. Энг асосийси, одамларнинг демократия функцияларидан хабардорлиги, ҳукумат ва халқ ўртасида очиқликнинг мавжудлиги, ҳеч кимнинг сайловда қатнашишга мажбурланмаслиги орқали демократиянинг намоён бўлишидадир.

ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг махсус кординатори Георгий Церетели сайловнинг аҳамиятидан келиб, унга бўлган қизиқиш ҳам шунга мос равишда юқори бўлишига умид билдирди.

«Эрталабдан буён сайлов участкаларида қисқа ва узоқ муддатли кузатув ишларини олиб бормоқдамиз. Ташкилотчилик жараёнларини қониқарли деб ҳисоблайман.

Сайловнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, умид қиламанки, унда сайловчилар юқори иштиёқ билан иштирок этадилар. Бундан ташқари, ташкилотчилар, овоз берувчилар ва ҳукумат аъзолари – ҳамма фаол ва сайлов қонунчилигига риоя қилишда ўта эҳтиёткор бўлишлари зарур. Ҳатто кичик тушунмовчилик ва камчилик ҳам катта акс-садо бериши мумкин», – дейди у.

Георгий Церетели

Шу билан бирга, Церетели сайловда овоз бермаслик ҳуқуқидан фойдаланиш ҳам демократиянинг бир кўриниши эканини қўшимча қилди.

ЕХҲТ вакили сиёсий партияларнинг сайловолди дастурига оид бир қанча танқидий ҳолатларга дуч келгани, лекин бу партияларнинг сиёсий  жараёнларда фаоллашиш учун дастлабки уринишлари эканини ҳисобга олганда табиий ҳолат эканини ҳам айтиб ўтди.

«Агар сайловолди жараёнларида партиялардан хато ўтган бўлса ҳам, бунга сайловчиларнинг ўзи бугун холис баҳони беради», – дея таъкидлади халқаро кузатувчи.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги бугунги сайловларни ўнта халқаро ташкилотдан, дунёнинг 50дан ортиқ давлатидан келган 825 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда.

Мавзуга оид