Жаҳон | 22:12 / 24.12.2019
7063
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Жамол Қошиқчини ўлдиришда айбланганларга ўлим жазоси берилишига қарши чиқди

Фото: AP

ЕИ саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши иши бўйича айбланувчиларга ўлим жазоси берилишига қарши чиқади, шу билан бирга бу ишга алоқадор барчани жавобгарликка тортишга чақиради, дейилади Европа дипломатия хизмати баёнотида.

Аввалроқ Саудия Арабистони бош прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда айбланган беш киши ўлим жазосига, яна уч киши 24 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганини маълум қилганди.

"ЕИ ўлим жазоси қўлланилишига ҳар доим ва истисноларсиз қарши чиқади. Бу тутиб турувчи омил бўла олмайдиган шафқатсиз ва ноинсоний жазодир", - дейилади баёнотда.

ЕИ шу билан бирга Қошиқчи иши бўйича Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасида 2018 йил 2 октябрда содир бўлган воқеалар учун "жавобгар бўлган барча шахсларнинг жавобгарликка тортилиши зарурлиги"ни билдирди.

Саудия Арабистони ҳукумати танқидчиси бўлган Жамол Қошиқчи АҚШнинг Washington Post нашрида шарҳловчи сифатида ишлаган ва 2017 йилдан АҚШда яшаган. 2018 йил 2 октябрь куни у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига ҳужжатларни расмийлаштиргани киргач бедарак йўқолган.

Аввалига Саудия Арабистони ҳукумати журналистнинг ўлими ҳақидаги хабарларни рад этган ва у элчихонани соғ ҳолда тарк этганини билдирганди. Кейинроқ Саудиядаги нашрлар Қошиқчи элчихона ҳудудида ҳалок бўлганини тасдиқловчи хабарларни тарқатди, аммо бу хабарларда Қошиқчининг ўлимига консуллик ходимлари билан жанжаллашиб қолгани олиб келгани айтилди.

Кейинроқ расмий Ар-Риёд журналистнинг ўлими қасддан содир этилганини тан олишга мажбур бўлганди.

Истанбул прокуратураси маълумотига кўра, Қошиқчи консулликда бўғиб ўлдирилган ва унинг жасади бўлакларга бўлиниб, консуллик ҳудудидан олиб кетилган. Шу вақтга қадар унинг жасади қолдиқлари топилмаган.

Мавзуга оид