Ўзбекистон | 13:42 / 25.12.2019
8715
2 дақиқада ўқилади

«Буюк келажак» қатор экспертлар ташкилотни тарк этганига муносабат билдирди

«Буюк келажак» эксперт кенгашининг қатор аъзолари ташкилотни тарк этишга қарор қилгани хабар берилганди.

Ташкилотни «Буюк келажак» таъсисчилари умумий йиғилишининг раиси, экспертлар кенгаши раиси Алишер Калонов, ташкилот мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзолари Собир Шодиев, Баҳром Исмоилов ва Шерзод Юсупов тарк этган.

«Буюк келажак» мувофиқлаштирувчи кенгаши ушбу ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Қайд этилишича, Алишер Калонов, Собир Шодиев, Баҳром Исмоилов, Илҳом Азимов ва Шерзод Юсупов ҳақиқатан ҳам таъсисчилар таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берган. Бу масала, шунингдек янги номзодларни қабул қилиш тўғрисидаги аризалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсисчиларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилиши керак эди.

«Шу билан бирга таъкидлаш керакки, бу таъсисчилар томонидан қандайдир ҳодисага алоқадор кутилмаган қадам эмас. Таъсисчилар таркибини янгилашнинг ушбу тартиби октябрь ойида бўлиб ўтган ташкилот таъсисчиларининг умумий йиғилишида муҳокама қилинган ва келишилган. Бундан ташқари, бу нодавлат ва нотижорат ташкилот учун одатий жараён.

«Тараққиёт стратегияси» маркази таъсисчилар таркибида қолади, шунингдек, ўзларини «Буюк келажак»нинг энг фаол экспертлари сифатида кўрсатган янги мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган.

Шу йилнинг октябрь ойида ташкилотнинг коллегиал бошқарув органи - Мувофиқлаштирувчи кенгашга сайловлар бўлиб ўтди, у жорий фаолиятнинг муҳим масалаларини кўриб чиқиб, тузилма, йўналишлар ва шаклларни белгилайди. Сайлов натижаларига кўра унинг таркиби ҳам янгиланди.

Таъсисчилардан бири Баҳром Исмоилов «Буюк келажак» мувофиқлаштирувчи кенгашининг қарори билан қарорларни бир неча бор эътиборсиз қолдиргани ва ўз ваколатидан четга чиққани учун Экспертлар кенгашидан четлатилди. Бугунги кунга қадар у фақат таъсисчи сифатида қолиб келаётганди», - дейилади «Буюк келажак» изоҳида.

Мавзуга оид