Ақчаликларнинг симёғочи ва трансформатори учун ақча йўқми? Жалақудуқдаги 15 йиллик муаммо
Аҳоли вакилларидан келган мурожаатни ўрганиш учун Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани Ақча қишлоғига бордик.
Ақча маҳалласида 424та хонадон бўлиб, аҳоли сони 2336 нафар. Каттагина қишлоқ. Тўғриси, бизга арзнома йўллаган шу маҳалла фуқароси Зулунбой Маҳкамов «ушлаган жойини қўйиб юбормайдиган»лардан экан. У кишининг тинимсиз қўнғироқларидан сўнг Ақчанинг ўзига бориб мурожаатчининг нақадар ҳақлигига гувоҳ бўлдик.
Икки йил тўхтовсиз ёзилган аризалар
Маҳалладаги ҳолат билан танишиш асносида аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.
«Ўн йил Россияда ишлаб, 2017 йили қайтдим. Қишлоқдаги ичимлик суви умуман йўқ бўлиб кетибди. Йўл, болалар боғчаси ва электр таъминотидаги камчиликларни кўриб, турли идораларга мурожаат қилишга тушдим. Ариза ёзмаган ташкилотим қолмади. Лекин иш силжиши жуда қийин бўлди. «Нажот эшигини тақиллатаверсанг очилади», дейишган. Мен ҳам шундай қилдим. Туман ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари ва президент порталига жўнатган мурожаатларимга 2018 йилда аста-секин жавоб кела бошлади. Вилоят «Сувоқова» ташкилотининг ўша пайтдаги бошлиғи М.Ахунов 2018 йилнинг июль ойида сув тармоғи аҳоли билан ҳамкорликда таъмирланиши режалаштирилгани ҳақида маълумот берганди.
Жалақудуқ ҳудудий электр тармоқлари 2018 йил апрель ойида ҳудуддаги 424 хонадонга хизмат кўрсатаётган эски трансформатор ўрнига 2019 йилнинг иккинчи чорагида катта қувватли трансформатор қўйилиши ҳақида жавоб хати жўнатди.
Бироқ ваъдалар берилгани билан амалий ишга ўтишмади. Тошкент шаҳридаги президент қабулхонасига шу йилнинг ўзида 3 марта ариза ёзиб келдим. Мутасаддиларни столдан турғизиш жуда қийин кечди.
Узоқ йиллик уринишларимиздан сўнг маҳалламизга 2019 йилнинг иккинчи ойидан сув тармоғи тортишга тушишди, сув минораси ўрнатилди, лекин август ойида ишлар чалалигича қолиб кетди.
Минг уриниш ва тортишувлар билан шу йил июль ойида маҳаллага катта кучланишли трансформатор ҳам олиб келинди. Бироқ шу бўйи унга симёғоч йўқ. Сим тортилмаган.
Иккала муаммо деярли битай деб қолганда яна ҳаммаси тўхтаб қолди», дейди Зулунбой Маҳкамов.
Маҳаллани айландик. Чиндан ҳам кўчаларга сув тармоғи тортилиб, минора ҳам ўрнатилибди. Трансформатор ҳам олиб келинган. Бошида, ҳар икки муаммо ҳал бўлаётганига аҳоли хурсанд эди. Бироқ олти ой кутиб яна ҳафсала пир бўлган.
Чала қолган ишлар
Сўнгги босқичга келганида ишлар тақа-тақ юрмай қолди. Ичимлик суви тармоғини тортган фирмага маблағ ажратилмагани боис, сув насосини юргизиш учун зарур трансформатор ва 9та симёғоч келтирилмай иш тўхтаб қолган.
Маҳаллага июль ойида янги ўрнатилган трансформаторга ҳам 600 метр узоқликдаги катта кучланишли линиядан сим тортиш учун 10та симёғоч керак. Ҳозир трансформатор кўча бўйида симсиз мунғайиб турибди.
Яна туман ҳокимлиги, туман электр корхонасига югур-югур бошланди. Бу орада яна 6 ой ўтди.
Декабрь ойининг 10-12 кунлари Жалақудуқ туман ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бошлиғи, «Ақча қишлоғига трансформатор ўрнатиб берилди. Трансформатор режа асосида 2020 йили ишга туширилади», деган жавоб хати берган.
Туман ҳокими Содиқжон Турдиев декабрь ойида Ақчага келиб, аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказган.
«Маҳалла аҳли ҳар икки муаммони ҳокимга етказганида мутасадди, сайловгача барчаси ҳал бўлишини айтиб ваъда берганди», дейди аҳоли вакилларидан Мунисхон Мадраҳимова.
Маҳалладаги ягона сув манбаи
«Ақча» МФЙ биноси ёнида битта аҳоли «качалка» деб атайдиган сув қудуғи бўлиб, маҳалла аҳли мана шу жойдан рўзғор учун сув ташир экан. Тасаввур қилинг, ичиш, овқат тайёрлаш, ювиниш учун ягона сув манбаи.
Маҳалланинг катта-кичиги турли идишларга сув тўлдираётган экан. Ёш бола ва қизалоқларнинг қўлидаги турли идишларга совуқда сув тўлдираётганини кузатдик. Уйи яқин хонадонлар икки қўлидаги челакда, узоқроқлари эса аравача ва велосипедда сув ташир экан. Сув ташиш асосан аёлларнинг юмуши экан.
«15 йилдан бери шу аҳвол. Ўғлим болалигида худди шу кичкинтойларга ўхшаб «баклашка»да сув таширди. Мана ҳозир коллежни битирди. Маҳалланинг 25 фоизи уйига зах сувни тортадиган «качалка» ўрнатган. Қолган 75 фоизи узоқдан келиб бўлса ҳам мана шу жойдан рўзғорга сув ташийди», дейди Дониёрбек Абдужабборов.
Ақчага сув тизимини тортиш билан шуғулланаётган «Водий капитал» корхонаси раҳбари Шерзод Ҳошимов билан телефон орқали суҳбатлашдик. Фирма раҳбари трансформатор ва 9та бетон «симёғоч» учун маблағ йўқлиги туфайли иш тўхтаб турганини билдирди.
«Ақчада 480 миллион сўмлик иш ҳажми бўлиб, бизга маблағнинг 15 фоизини тушириб беришган. Вилоятдан маблағ ажратилмаётгани учун иш тўхтаб турибди», дейди ўзини Ш.Ҳошимов дея таништирган қурувчи.
Маҳалла йўллари ҳам абгор. Табиий газ йўқ. Аёллар тиббиёт муассасаси йўқлигидан ҳам шикоят қилишди. Аҳоли қийналиб яшамоқда. Ақчада ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар йиғилиб қолган. Неча йилдирки, ичимлик суви ва электр муаммоси ҳал бўлишини орзу қилиб сайловни кутишди. Энди эса янги йилни кутишяпти.
Туман ҳокимлигида
Жалақудуқ тумани ҳокимлигига бориб, ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Фурқатбек Султонов билан учрашдик.
Мутасадди туман «Ақча» МФЙдаги муаммолар бўйича изоҳ берди.
«Айни пайтда туманимизнинг 12та ҳудудида қурилиш корхоналари томонидан ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари олиб борилмоқда. «Осуда ҳаёт», «Бўстон», «Ўзбекистон», «Ғайрат» ва бошқа маҳаллаларда ҳам ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. Ақча қишлоғида «Водий капитал» жамияти 5 километр тармоқ тортиб бўлган. Ҳудудда битта трансформатор ўрнатиш муаммоси қолган. Биз қурувчилар билан гаплашганмиз, сув тармоғи шу ой охиригача битадиган бўлган. Уларнинг маблағи масаласи вилоятдан ҳал бўлади. Шу кунларда аҳоли сув ичади», деди у.
Ҳокимликдан чиқиб, бизни кўчада кутиб турган мурожаатчи Зулунбой Маҳкамовга мутасадди тез кунларда маҳалла муаммоси ҳал этилиши ҳақида ваъда берганини айтдик.
«Бундай ваъдаларнинг кўпини эшитиб, ишонмай қўйганмиз», дейди у ишончсизлик билан.
Ақчаликлар икки йил давомида мурожаат қилавериб ҳолдан тойган. Мақсадга етай деганларида тўхтаб қолган муаммолари билан яшашмоқда. Аслида туман ҳокимлигидагилар аҳоли мурожаат қилмасдан масалани жойига бориб ўрганишлари, чора кўришлари керак эди. Ундай бўлмади.
Балки, бу сафар уларнинг йиллар давомида амалга ошмаётган муаммолари тез кунларда битар. Ахир Жалақудуқ катталари ваъда берди-ку?
Саволларга жавобни насиб қилса икки ҳафта ичида яна Ақчага борганимизда кўрамиз.
Қани, Ақчанинг симёғочи ва трансформаторига ҳам ақча топилиб қолар...
Журналист Элмурод Эрматов
Мавзуга оид
19:44 / 26.09.2024
“Одамлар қийналяпти” — Андижонда сел оқизиб кетган кўприк қачон тикланади?
09:24 / 11.02.2024
Самарқандда электр ва газдан ноқонуний фойдаланган истеъмолчилар тизимга 5 млрд сўм зарар етказди
06:51 / 27.08.2023
Андижон вилоятида зилзила қайд этилди
20:58 / 15.08.2022