Жиноят-процессуал кодекс янги норма билан тўлдирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси президенти “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Ушбу Қонун Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган эди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратовнинг ёзишича, Қонун Ўзбекистон Республикасининг 19 та қонуни ва 2 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 23 та моддадан иборат.
Жумладан, тоғ-металлургия тармоғи корхоналари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилди. Уларда портловчи моддаларни, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материаллар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланадиган корхоналар Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши лозимлиги назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда ушбу қўмита ҳузурида Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси тегишли равишда Қурилиш вазирлиги ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси этиб қайта ташкил этилиши муносабати билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Давлат активларини бошқариш агентлиги этиб қайта ташкил этилиши муносабати билан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” 2019 йил 10 апрелдаги Фармонига мувофиқ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари Ички ишлар вазирлигидан чиқарилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди.
Тугатилган Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигига юклатилди.
Кичик ҳажмли кемаларни эксплуатация қилиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш профилактик тадбирлар ўтказиш (тушунтириш, огоҳлантириш) билангина чегараланган, ҳуқуқбузарлик содир этилганда тегишли маъмурий чоралар амалиётда қўлланилмаган.
Шу муносабат билан “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ваколатларини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жиноят-процессуал кодекс янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин. Иш ҳолатлари ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлганда, шунингдек бошқа зарур ҳолларда ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилади.
Мавзуга оид
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
09:59 / 13.11.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024