Жаҳон | 15:20 / 31.12.2019
27816
3 дақиқада ўқилади

Бағдодда намойишчилар АҚШ элчихонасини қамал қилишди

АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси олдида америкалик ҳарбийларнинг шиа айирмачилари манзилларига йўллаган авиазарбаларига қарши норозилик намойиши уюштириб, бир неча минг киши тўпланди. Улар дипломатик миссия биноси эшикларини бузишган ва ичкарига бостириб киришган.

Фото: Reuters

Авиазарба туфайли ҳалок бўлганларнинг дафн маросимидан сўнг одамлар ҳукумат муассасалари ва элчихоналар жойлашган «яшил ҳудуд» томон йўл олишган ва АҚШ элчихонасига етиб боришган.

Намойишчилар бино атрофидаги кузатув камераларини синдиришган ва элчихона биносига сув тўла идишларни улоқтиришган.

Намойишчилар «Америкага ўлим», «Америкага йўқ» дея ҳайқиришган, элчихона томон тошлар отишган ва АҚШ байроғини ёқишган.

Улар элчихона деворларига АҚШ зарба берган гуруҳ байроқларини илишган.

Воқеа жойидан хабар берган мухбирларнинг сўзларига кўра, намойишчилар элчихона деворларига ўт қўйишган ва кузатув камераларини уриб синдиришган. Ироқ полицияси аввалига мегафонлар орқали намойишчиларни тарқалишга чақирган, кейин кўздан ёш оқизувчи гранаталар қўллай бошлаган. Элчихона қўриқчилари ҳам шовқинли гранаталар улоқтиришган.

Элчи Мэтью Толлер ва бошқа дипломатлар ҳар эҳтимолга қарши эвакуация қилинган. «Ал-Ҳадас» телеканали маълумотига кўра, элчихонани тарк этган дипломатлар Ироқ пойтахтидаги халқаро аэропортдан самолётда номаълум йўналиш бўйлаб учиб кетишган.

Намойишчилар АҚШ авиазарбалари туфайли элчихонани қамал қилишди

Якшанба куни АҚШ авиацияси шиаларнинг «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи позицияларига зарба берган, натижада камида 25 киши ҳалок бўлиб, 50дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Пентагон расмийларига кўра, «мудофаа мақсадидаги зарбалар» Ироқдаги учта ва Суриядаги иккита позицияга йўлланган. Нишонлар қурол-яроғ омборлари, шунингдек гуруҳ коалиция кучларига ҳужумлар уюштиришда фойдаланадиган кузатув пунктлари бўлган.

АҚШ ҳукумати бу ҳужумларни Киркукдаги базага берилган ракета зарбасига жавоб деб атади. Ўша ҳужум оқибатида бир америкалик ҳарбий ҳалок бўлиб, яна 4 ҳарбий жароҳат олганди.

Ироқ бош вазири Одил Абдул-Маҳдий америкаликларнинг авиазарбалари мамлакат суверенитетига таҳдид экани, бу Бағдод Вашингтон билан муносабатларни қайта кўриб чиқишига олиб келиши мумкинлигини айтиб ўтган.

«Катаиб Ҳизбуллоҳ» раҳбари АҚШга қатъий жавоб қайтарилишига ваъда берган. Эрон ҳукумати бу авиазарбаларни «терроризм акти» деб атаган.

«Катаиб Ҳизбуллоҳ» - Ироқ шиаларининг ҳарбийлашган гуруҳи бўлиб 2007 йилда Эрон қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган.

АҚШ томони «Катаиб Ҳизбуллоҳ»ни Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан қалин алоқа ўрнатганликда ва Эрондан ёрдам олиб коалиция кучларига ҳужум уюштирганликда айблайди.

Америка маъмурияти эса Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусини Яқин Шарқ ҳудудида АҚШга қарши террорчи гуруҳлар ҳаракатларини бошқарув механизми сифатида кўради.

Мавзуга оид