Ўзбекистон | 17:50 / 01.01.2020
39521
2 дақиқада ўқилади

Помпеонинг Ўзбекистонга ташрифи қолдирилди

АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга январь ойи бошида ўтказилиши режалаштирилган ташрифи қолдирилди.

© AP Photo/Matt Rourke

«Ўзаро келишувга биноан, 2020 йил 5—6 январь кунларига режалаштирилган АҚШ давлат котиби Майкл Помпео бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ва Тошкент шаҳридаги «Марказий Осиё—АҚШ» (C5+1) форматидаги вазирлар учрашуви бошқа санага қолдирилди.

Аниқ саналар дипломатик каналлар орқали келишилади», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Бироз аввалроқ Помпео Fox News учун берган интервьюсида Ироқдаги воқеалар туфайли режаларига ўзгартиришлар киритиши мумкинлигини истисно қилмаганди.

«Умид қиламанки, мен барибир бу режаларни бажараман. Украинага, кейин Марказий Осиёга бораман, у ердан Кипрга қайтаман.

Аммо мен Давлат департаменти ходимлари, Яқин Шарқдаги америкаликлар хавфсизлигини таъминлаш учун қаерда бўлишим керак бўлса ўша ерда бўламан. Бунинг учун сафаримни ўзгартиришга ёки кечиктиришга тўғри келса бу ишни қиламан», деган Помпео.

30 декабрь куни АҚШ ҳарбийлари Ироқда эронпараст шиаларнинг позицияларини ўққа тутган, бунга жавобан 31 декабрь куни Бағдодда намойишчилар АҚШ элчихонасига ҳужум қилганди.

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео 29 декабрь куни твиттерида январнинг илк декадасида Шарқий Европа ва Марказий Осиёга турне уюштириши, 3 январь куни Украинадан бошланадиган сафар 7 январь куни Кипрда якунланиши ҳақида хабар берганди. Сафар доирасида у 5-6 январь кунлари Тошкентга келиши, президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлиши, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиши кўзда тутилган эди.

Мавзуга оид