Ўзбекистон | 07:34 / 04.01.2020
70151
5 дақиқада ўқилади

Солиқ турлари қисқартирилди

Фото: Shutterstock

Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида”ги Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририни қабул қилиш назарда тутилган.

Сенат Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Муҳаммад Жумагалдиевнинг ёзишича, янги таҳрирдаги Кодексда Солиқ кодексининг амалдаги тузилмаси сақлаб қолинган ҳолда уни умумий қисмга (солиқ маъмуриятчилиги масалалари) ва махсус қисмга (солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари) бўлинишини назарда тутади.

Жумладан, умумий қисмда қуйидагилар назарда тутилган: солиқ солишга оид халқаро шартномаларни қўллаш тартиби иқтисодиётни фаол ривожлантиришнинг бугунги кунги ҳолати ва талабларидан келиб чиққан ҳолда тубдан такомиллаштирилган.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принциплари қайд этилгани ҳолда, қонун ҳужжатларида бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршилик ва ноаниқликларнинг солиқ тўловчи фойдасига ҳал этилиши ҳам белгиланган.

Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, солиқ турлари 13 дан 9 гача қисқартирилган.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи яъни хўжалик фаолияти бўйича фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш мақсадида шартнома асосида ихтиёрий бирлашган гуруҳ ташкил этиш ва уни тугатиш шартлари каби бугун бизнес юритишда халқаро тажрибада кенг қўлланиб келинаётган талаблар ҳам кодексда ўз аксини топган.

Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларни 42 та мезон асосида 3 сегментга, яъни, “виждонли”, “шубҳали” ва “мунтазам ҳуқуқбузарлар”га ажратган ҳолда улар билан алоҳида фаолият ташкил этиш йўлга қўйилади.

Виждонли категориясидаги солиқ тўловчилар, уларнинг шу рўйхатда бўлган даври давомида хеч қандай текширув ўтказилмаслиги;

шубҳали категориясидаги солиқ тўловчилар камерал назорат тартибида назоратга олиниб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинса бошқа текшириш амалга оширилмаслиги;

мунтазам ҳуқуқбузарларни эса аудит текшируви орқали жойида текшириш кўзда тутилган.

Солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш, солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ваколатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга берилган.

Шунингдек, солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган ҳолларда солиқ тўловчига қайтарилиши ёки солиқ тўловчи розилиги билан келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Кодекснинг янги таҳририда ортиқча тўловини қайтариб бериш муддатидан ўтган ҳар бир кун учун солиқ хизмати органларининг пеня тўлаши ҳам кўзда тутилади.

Шунингдек, солиқ тўловчиларнинг, солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг жавобгарлиги, назорат қилиш тартиб-таомилини соддалаштириш ва солиқ текширувлари турларини 13 тадан 3 тагача камайтириш, солиқ текширувларини таҳлика-таҳлил дастури асосида (инспектор аралашмаган ҳолда) камерал, жойига чиққан ҳолда текшириш ва солиқ аудитини ваколатли орган билан келишилмасдан амалга оширишни янги тартиби, у ёки бу солиқ тўғри ҳисобланганлигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни солиқ тўловчидан талаб қилиш, шунингдек камерал текширув ўтказиш жараёнида солиқ тўловчи томонидан аввал тақдим этилган ахборотни тасдиқлаш учун сайёр текширувларни (омборхонани текшириш, ходимлар хронометражи) таклиф қилиш ҳуқуқини солиқ органи мансабдор шахсига бериш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, солиқ бўйича низоларни судгача ҳал этиш тартиби очиб берилган. Солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик турига қараб жавобгарлик чоралари белгиланган, солиқ органлари жавобгарлиги кучайтирилган.

Махсус қисмдаги киритилаётган қўшимчалар солиқларни ҳисоблаш механизмларини ва тўлаш тартибларини такомиллаштиришни, шунингдек солиққа тортишнинг барча элементларини аниқлаштириш ва тартибга солишни белгилайди.

Махсус қисмда қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан солиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер қаъридан фойдаланишга оид солиққа оид нормалар, шунингдек уларни ҳисоблаш тартиби ва уларни тўлаш муддатлари белгиланиб, очиб берилган.

Билдирилишича, кодекснинг қабул қилиниши солиқ қонунчилик нормаларини қўллашни соддалаштириш, зиддиятлар ва тафовутларни бартараф этиш, виждонли солиқ тўловчилар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, солиқ назорати шакллари ва механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан солиқ солинадиган объектлар ва солиқ тўловчилар тўлиқ қамраб олинишини ва ҳисобга олинишини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш, трансферт нарх белгилаш билан боғлиқ операцияларга солиқ солиш тартибини жорий этишга кўмаклашади.

Мавзуга оид