Ўзбекистон | 23:49 / 07.01.2020
91880
2 дақиқада ўқилади

«Амирсой»да ташриф буюрувчилардан бири ҳалок бўлди 

Фото : KUN.UZ

Чимёндаги “Amirsoy Resort” тоғ-чанғи курортида 7 январь соат 16:20да чанғи трассалари ёпилиши олдидан ташриф буюрувчилардан бири курорт ходимларига ёш чанғичи йўқолиб қолганини хабар қилган. Шундан кейин курорт қутқарувчилари жамоаси зудлик билан чанғичини қидиришни бошлаб юборишган. Бу ҳақда курортнинг Telegram-каналида маълум қилинди.  

Хабарда таъкидланишича, 30 дақиқадан кейин чанғичи трассадан ташқарида тириклик аломатларисиз топилган. Курортнинг 8 нафар профессионал қутқарувчиси ва 2 нафар шифокор 50 дақиқа давомида жабрланувчини жонлантиришга ҳаракат қилишган, бироқ бахтга қарши уларнинг уринишлари бесамар якунланган. 

Amirsoy Resort маъмурияти ҳалок бўлган чанғичининг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Дастлабки маълумотларга кўра, чанғичи чанғи учиш вақтида трасса ташқарисига учиб чиқиб кетган. Воқеа тергов қилинмоқда.  

Замонавий турдаги курортнинг тантанали очилиши 2019 йил 21 декабрда бўлиб ўтганди. Билдирсойда жойлашган дам олиш масканини қуришда Германия, Италия, Австрия, Аргентина, Испания ва Даниядан мутахассислар жалб қилинган. Лойиҳа қиймати 100 млн долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид