Ўзбекистон | 16:49 / 07.01.2020
150417
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Чегара қўшинлари Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги воқеа бўйича баёнот берди

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг белгиланмаган қисмида икки давлат чегарачилари ўртасида низо келиб чиққани хабар берилганди. Наманган вилоятининг Поп йўналишида содир бўлган воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари баёнот билан чиқди.

ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йил 6 январь куни соат 13:30ларда Наманган вилояти Поп туманининг Оқ-Курча ҳудудида ўзбек чегарачилари давлат чегарасини бузган шахсларни пайқашган. Улар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан 1,5 км масофа ичкарига кириб келиб, 500тага яқин майда шохли қорамолни ўтлатиб юришган.

Ўзбекистон Республикаси чегарачиларининг чегара бузилган жойга етиб келгунига қадар, қирғиз чўпонлар поданинг катта қисмини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-Буқа тумани Араб аҳоли пунктига олиб ўтишга улгурган. Поданинг қолган қисми кўрсатилган ҳудудда қолган.

Йўналиш ва эришилган икки томонлама келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон чегарачилари қорамол ҳамда қўшни давлат фуқароларини Қирғизистон Республикаси ҳудудига чиқариб юборишди.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси чегара идоралари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, чегара ҳудуди аҳолиси билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, дейилади маълумотда.

 

Мавзуга оид